date

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (фото)

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (фото)

Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябр куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ердаги экспозициялар орқали халқнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган ишлар билан танишди.

Иншоотнинг марказий қисмида Қуръони Карим зали жойлашган. Бу ерда мусулмон оламининг ноёб маънавий дурдонаси саналган қадимий Усмон Мусҳафи намойиш этилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид муқаддас китоб нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари, шу билан бирга, жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам жой олади.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари ташкил этилган. Бу ерда буюк алломаларимиз фаолияти ҳақида маълумотлар, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа уламолар мероси ҳам кенг ёритилган.

Шунингдек, тарихда илму маърифат ва маънавият ҳомийси бўлган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий ва Анбар Отин фаолияти алоҳида экспозиция сифатида намойиш этилган.

Давлат раҳбари доимо марказнинг илмий-маърифий йўналишини самарали ташкил этиш, унинг мазмун-моҳиятини бойитиб бориш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу борада Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Ташриф чоғида президент залларда амалга оширилаётган пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди, бўлимлар ва кўргазмаларнинг мазмун-моҳияти, қўлланилаётган интерфаол технологиялар билан яқиндан танишди.

Давлат раҳбари экспонатларни маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қизиқарли ҳамда тушунарли қилиб тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда марказда фаолият юритадиган мутахассис ва гидларнинг сонини кўпайтириш, уларни махсус дастурлар асосида тайёрлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Марказ фаолиятини мазмунан янада бойитиш, экспозициялар орқали маънавий ва илмий меросни тўлиқ намоён этиш бўйича қатор тавсиялар берилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (фото)