Тошкент шаҳрида Корея Республикаси билан ҳамкорликда замонавий тиббиёт кластери барпо этилади, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Маълумотларга кўра, лойиҳа Корея Эксимбанки ва Иқтисодий ривожланиш ҳамда ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида амалга оширилади. Катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиши бўйича асосий пудратчи сифатида танланган Kyeryong консорциуми раҳбари ва Соғлиқни сақлаш вазири ўртасида шартнома имзоланди. Шу билан лойиҳа расман старт олди.
Қурилишнинг умумий қиймати 149,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шунинг 124 миллиони — Корея Эксимбанки орқали EDCF кредит маблағлари, қолган 25,8 миллиони эса Ўзбекистон ҳиссаси сифатида молиялаштирилади.
Янги шифохона жаҳон стандартларига мос равишда, IV даражали замонавий тиббиёт маркази кўринишида қурилади. Унинг қуввати 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 700 нафардан зиёд шифокор ва тиббиёт ходими учун янги иш ўринлари яратилади.
Лойиҳа доирасида 130 нафар ўзбекистонлик мутахассис малака ошириш учун Кореяга юборилади. Шу билан бирга, 32 нафар юқори малакали кореялик шифокор мамлакатимизга келиб, илғор тажрибаларини ўргатади.
Янги марказ фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг йилига 8,5 мингдан ортиқ юқори технологияли операциялар — юрак қон-томир тизими, трансплантология, нейрохирургия, реабилитация ҳамда орқа мия ва бўғим жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
Мутаҳассислар фикрича, мазкур лойиҳа нафақат Тошкент, балки бутун мамлакат тиббиёт тизими учун янги босқич бўлади. Бу орқали аҳолига юқори малакали, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.
Маълумот учун, 2020 йилда ҳам EDCF иштирокида Тошкентда Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Болалар миллий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилган эди. Янги катталар клиникаси эса ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи бўлади.