date

Германия АҚШдан 15 та қирувчи F-35 самолётларини сотиб олмоқчи

Германия АҚШдан 15 та қирувчи F-35 самолётларини сотиб олмоқчи

Германия ўз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ядровий тўхтатиш салоҳиятини ошириш мақсадида АҚШдан қўшимча 15 та замонавий F-35 қирувчи самолётини харид қилишни режалаштирмоқда, деб хабар берди “Spiegel” нашри Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб.

Манбага кўра, Мудофаа вазири Борис Писториуснинг ташаббуси билан янги харид режаси тайёрланмоқда ва бу режа Бундестагнинг бюджет қўмитасига тақдим этилган. Лойиҳа амалга оширилса, умумий қиймат тахминан 2,5 миллиард еврога тенг бўлади. Харид Lockheed Martin корпорацияси билан тузилган шартнома доирасида амалга оширилади.

Маълумот учун, Германия ҳукумати аввалроқ ҳам 35 та F-35 қирувчисини буюртма қилган эди. Ушбу самолётларнинг илк партияси 2027-йилда Германия қуролли кучлари ихтиёрига топширилиши кутилмоқда. Янги F-35лар мамлакатдаги эскирган Торнадо қирувчиларини аста-секин алмаштиради.

Торнадоларнинг асосий вазифаси — Германия ҳудудида жойлашган АҚШнинг ядровий жанговар каллакларини ташиш ва НАТО доирасида ядровий тўхтатиш вазифасини бажаришдир.

“Spiegel” маълумотларига кўра, НАТОнинг янги талабларини бажариш учун Германиянинг ҳарбий авиация паркини янада кенгайтириш зарур бўлади. Ҳозирда мамлакат 20 та Eurofighter туридаги самолётларни ҳам буюртма қилган ва келгусида бешинчи авлод қирувчиларини жойлаштириш учун яна бир авиабаза қурилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирда Торнадо қирувчилари ва АҚШ ядровий қуроллари жойлашган Бюхель авиабазасини янгилаш ишлари режага нисбатан анча мураккаб кечмоқда. Модернизация харажатлари дастлаб режалаштирилган 700 миллион евродан икки миллиард еврогача ошиб кетгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Индонезия ҳам ўз мудофаа тизимини янгилаш доирасида Хитойдан 42 та Chengdu J-10C қирувчи самолётини харид қилиш ниятида экани ҳақида хабар қилинган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия АҚШдан 15 та қирувчи F-35 самолётларини сотиб олмоқчи