
Жорий йилнинг 20 апрель санасида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўзбекистонлик фуқаролардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасида кескин низо юз берди. Тарқалган маълумотларга қараганда, ушбу зиддият натижасида пичоқлашув содир бўлиб, натижада гуруҳ етакчиларидан бири воқеа жойида жон берган.
Манбаларга кўра, мазкур жиноий гуруҳ аъзолари 2023 йилнинг декабрида Ўзбекистонда "кўча"га қарши олиб борилган қатъий тадбирлардан сўнг мамлакатдан чиқиб кетган ва Туркия ҳамда БАА ҳудудида яширинган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг хабар беришича, БААдаги дипломатларимиз ушбу ҳодиса юзасидан Дубай жиноят-қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказишган.
«БАА расмийлари воқеа бўйича тергов ишлари давом этаётганини, бу иш бўйича 15 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланганини маълум қилишди. Шунингдек, сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб бораётгани икки мамлакат ўртасидаги визасиз сафар қилиш тартибига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтиб ўтилди», – дейилади ТИВ баёнотида.
ТИВ шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганини ва хорижда бўлган барча ўзбекистонликларни юртдошлар шаънига путур етказувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирганини таъкидлади.
Бироқ, вазирлик воқеанинг аниқ тафсилотларини, жумладан, ҳалок бўлган ёки жароҳатланганларнинг шахси ҳақидаги маълумотларни ҳали эълон қилган эмас.
Ўзбекистонликлар БААга киришда муаммоларга дуч келмоқда
Kun.uz’га кўра, сўнгги вақтларда ўзбекистонлик фуқароларнинг БААга кириши билан боғлиқ муаммолар яна кўпайган. Хусусан, бугун, 25 апрель куни Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга БАА орқали қайтиши режалаштирилган 9 ўзбекистонлик фуқаро аэропортда муаммога дуч келган.
Фуқаро Абдулвоҳид Абдулҳамидовнинг сўзларига кўра, у 25 апрель куни Мадинадан Дубайга, кейин эса 26 апрель куни Абу-Дабидан Тошкентга чипта сотиб олган. Бироқ, Мадина аэропорти маъмурияти уни самолётга киритмаган. Бундан ташқари, яна 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам шу каби вазиятга тушган.
Мазкур вазиятлар 2024 йилнинг ноябрь ойида БАА ҳудудида раввин Цви Коганнинг ўлдирилиши билан бошланганди. Ўша вақтда БАА суди Ўзбекистоннинг уч фуқаросини жиноятда айбдор деб топиб, уларга ўлим жазоси тайинлаган.
Шу воқеалардан кейин Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши ва у ерда меҳнат қилиш шароитлари кескин қийинлашган. Жумладан, ўтган йилнинг 25 ноябрь куни Дубайда бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролар полиция томонидан қўлга олинганди. Кейинчалик уларнинг айримлари озод этилган, бошқалари депортация қилинган, яна беш нафар фуқарога нисбатан эса жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди.
Шунингдек, 2024 йил давомида БААнинг турли аэропортларида Ўзбекистондан келган бир нечта рейсдаги кўплаб фуқаролар ҳеч қандай сабабсиз мамлакат ҳудудига киритилмасдан ортга қайтариб юборилган ҳолатлар кузатилган эди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар