date
views 149

Трамп Фаластин давлатини тан олиш арафасида — Яқин Шарқдаги кучлар мувозанати ўзгарадими?

Трамп Фаластин давлатини тан олиш арафасида — Яқин Шарқдаги кучлар мувозанати ўзгарадими?
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабарлар халқаро сиёсий муҳитда катта шов-шувга сабаб бўлди. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри Кўрфаз мамлакатларидаги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, Трамп ушбу қарорни май ойи ўртасида Яқин Шарққа режалаштирилган ташрифи чоғида, хусусан Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида ўтадиган саммитда эълон қилиши мумкин. Саммит доирасида у Кўрфаз араб давлатлари етакчилари билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.

“Иброҳим келишувлари”га янги тўлқин келадими?

“The Jerusalem Post” манбаси таъкидлашича, агар АҚШ Фаластин давлатини расман тан олса, бу қарор Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатини жиддий ўзгартиради, шунингдек, “Иброҳим келишувлари”га қўшиладиган давлатлар сонини ҳам оширади.

Бу фақат дипломатик қадам эмас — балки АҚШнинг минтақадаги стратегик манфаатларига қайта қараш бўлиши ҳам мумкин.

БМТ резолюциялари ва халқаро ҳуқуқ

Фаластинни давлат сифатида тани олиш масаласи БМТ резолюциялари ва халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида кўп йиллардан буён ўз аксини топган. Бироқ Исроил маъмурияти бунга доимо кескин қарши чиққан.

Жумладан, 2024 йил 18 июл куни Исроил парламенти Кнессетда Фаластин давлатини тузишни рад этувчи қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинган. Бу қарор халқаро майдонда жиддий танқидларга сабаб бўлди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса бу қарорга қарши чиқиб, икки давлат ечими — 1967 йилги чегаралар асосида, пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этишни барқарорлик учун ягона оқилона йўл, деб таъкидлади.

Макрон ҳам Фаластинни тан олишни режалаштирмоқда

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам яқинда расмий Парижнинг яқин вақт ичида Фаластинни тан олишга тайёрланаётганини билдирган. Бу Европадаги позиция ўзгаришидан далолат беради.

АҚШнинг иккиланувчи сиёсати

Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача АҚШ расман икки давлат тамойили асосида низони ҳал этишни қўллаб-қувватлаётганини билдириб келган. Бироқ амалий сиёсатда Вашингтон кўп ҳолатларда Тель-Авивнинг Фаластинга қарши позицияларини ҳимоя қилган.

Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиш ҳаракатлари ҳам айнан АҚШ қаршилиги сабаб бир неча марта тўхтатилган. Хусусан, 2024 йил апрель ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашида Фаластиннинг аъзолиги тўғрисидаги резолюция лойиҳаси фақатгина АҚШ қаршилиги билан рад этилган.

Трампнинг позицияси — жиддий ўзгаришми ёки сиёсий маневр?

Агар Трамп расман Фаластинни тан олишни эълон қилса, бу Исроил маъмурияти учун катта сиёсий зарба бўлиши мумкин. Айрим таҳлилчилар буни “шок эффект” сифатида баҳоламоқда. Айни пайтда Вашингтон-Тель-Авив муносабатлари ҳам анча совуқлашганини кузатиш мумкин.

Масалан, апрель ойи бошида бўлиб ўтган Биньямин Нетаньяҳу – Дональд Трамп учрашуви АҚШ матбуоти томонидан дипломатик муваффақиятсизлик сифатида баҳоланган эди. Нетаньяҳу Трампга Эрон, Туркия каби муҳим масалаларда таъсир ўтказа олмаган.

ҲАМАС, Ғазо ва “кўчмас мулк” масаласи

Айни пайтда Оқ уй администрацияси Исроил ҳукуматидан ҲАМАС билан келишувга келишни талаб қилиб, босим ўтказаётгани ҳам маълум қилинган. “The Times of Israel” нашрига кўра, Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Исроилни “АҚШ талабларини қабул қилмасангиз, ёлғиз қоласиз” деб огоҳлантирган.

Шу билан бирга, Трамп аввалроқ Ғазо сектори аҳолисини қўшни мамлакатларга кўчириш, минтақани “кўчмас мулк” сифатида қайта тақсимлаш ҳақидаги баёнотлари билан ҳам танқидларга сабаб бўлганди.

Бу эса таҳлилчиларни Трамп Фаластинни чиндан ҳам тан оладими? деган шубҳаларга олиб келмоқда.

АҚШнинг Фаластин масаласидаги янги позицияси ҳақиқатдан ҳам амалий қадамга айланадими ёки сиёсий матбуот маневри бўлиб қоладими — яқин кунларда аниқлашади. Бироқ бир нарса равшан: Трампнинг эҳтимолий баёноти Яқин Шарқ геосиёсатида катта ўзгаришлар тўлқинини бошлаб бериши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Фаластин давлатини тан олиш арафасида — Яқин Шарқдаги кучлар мувозанати ўзгарадими?