Суриядаги сиёсий саҳна яна жонланди — мамлакатнинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа 15 октябрь куни Москвага расмий ташриф буюрди. Унинг сафари Москва ва Дамашқ ўртасидаги муносабатларга янги мазмун киритиши мумкин, деб ёзади Reuters.
Учрашув давомида Шаръа Владимир Путинга Суриядаги собиқ режим томонидан имзоланган барча келишувлар сақланиб қолишини ва Россия қўшинларининг Тартус ҳамда Хмеймимдаги ҳарбий базаларини тарк этиш масаласи кўтарилмаслигини маълум қилди. Бу икки база Россиянинг Яқин Шарқдаги стратегик нуқталари ва Африкадаги операциялар учун муҳим логистика маркази саналади.
Бироқ манбаларнинг маълум қилишича, ёпиқ эшиклар ортидаги музокараларда Шаръа 2024 йилда ҳокимиятдан ағдарилгандан сўнг Россияга қочган диктатор Башар Асаднинг экстрадициясини сўраган. Сурияда у ҳақида расман ҳибс ордери ҳам чиқарилган. Кремль эса бу масалага изоҳ бермай, “бу контекстда хабар бериладиган ҳеч нарса йўқ”, деб жавоб қайтарди.
Асад ўз вақтида Россиянинг асосий иттифоқчиси бўлган. Москва уни 2011 йилда бошланган фуқаролик уруши пайтида ҳокимиятда сақлаб қолган. 2024 йил декабрида эса Россия унга сиёсий фаолиятни тўхтатиш шарти билан бошпана берди.
Ҳозирда Асадлар оиласи Москва-Ситида яшайди. Улар 18 та квартирага эгалик қилади, деб ёзади Die Zeit. Маълумотларга кўра, Асадлар Суриядан камида 250 миллион доллар нақд маблағни Россия банкларига жойлаштирган. Башарнинг рафиқаси Асма ва фарзандлари — Ҳафиз, Зайн ва Карим ҳам Россияда. Ҳафиз Москва давлат университетини битирган, отаси ҳокимиятдан четлатилишидан бироз олдин номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Асаднинг укаси Моҳир Асад ҳам Москвада. У аввал Сурия армиясининг элита бўлинмаси — 4-зирҳли дивизияга бошчилик қилган. Кейинчалик у каптагон номи билан машҳур бўлган гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва сотишни назорат қилган давлат наркокартелининг боши сифатида тилга олинган.
Die Zeit маълумотларига кўра, Башар Асад Москвада вақтнинг кўп қисмини видеоўйинлар ўйнаш билан ўтказади, укаси Моҳир эса Four Seasons меҳмонхонасида яшайди ва вақтни чилим ҳамда ичимлик билан ўтказади.
The New York Times ёзишича, Асад режими қулаганидан кейин Россияга тахминан 1200 нафар собиқ суриялик офицер кўчиб келган. Улар асосан Асадлар каби алавий мазҳабига мансуб бўлган ҳарбийлардир. Улар орасида Сурия мудофаа вазири Али Айюб, унинг ўринбосари Али Аббос, ҳарбий разведка раҳбари Камол ал-Ҳасан ҳам бор.
Бу шахслар фуқаролар уруши пайтида шаҳарларни ўққа тутиш ва кимёвий қурол ишлатиш билан боғлиқ жиноятларда айбланади. Шунингдек, Асаднинг “Баас” партиясидаги Миллий хавфсизлик бюросининг собиқ раҳбарлари Али Мамлук ва Кифо Малҳам ҳам Россияда яшамоқда.
Моҳир Асад ва бошқа зобитлар 2012 йилда Дара шаҳридаги қирғин учун ҳам жавобгар ҳисобланади. Ўшанда беш кун ичида 700 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган эди.
Ҳозирда Москвада яшовчи яна бир шов-шувли шахс — Суҳайл ал-Ҳасан. У Асад армиясининг махсус кучларига бошчилик қилган ва Идлиб ҳамда Ҳалабдаги кимёвий ҳужумлар учун жавобгар шахс сифатида тилга олинади.
Экспертлар таъкидлашича, Россия ҳозир Суриянинг янги раҳбарияти билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда, бироқ Асад режими қолдирган из мамлакат келажаги учун оғир сиёсий мерос бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!