
Россия президенти Владимир Путин 16 октябрь куни АҚШ раҳбари Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбатда Украина бўйича янги талабни илгари сургани маълум бўлди, деб хабар берди Washington Post.
Нашр маълумотларига кўра, Путин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш шарти сифатида Украинадан Донецк областидан тўлиқ воз кечишни талаб қилган. Бунинг эвазига у Россия армияси эгаллаб турган Запорижжя ва Херсон ҳудудларининг айрим қисмларини қайтаришга тайёрлигини билдирган.
Газетанинг таҳлилида айтилишича, бу талаблар Кремль позициясининг сўнгги ойларда бироз юмшаганидан далолат беради. Вашингтондаги манбалар эса буни эҳтимолий дипломатик “илгарилаш” сифатида баҳолаган.
Европалик юқори мартабали дипломатлар эса бу таклифни кескин рад этиш лозимлигини таъкидлаган. Улар Киев бу каби шартга рози бўлса, “ўз суверенитетини ҳеч нарса эвазига сотган бўлади”, деб таъкидлаган.
The Wall Street Journal эса Трамп маъмурияти Украинага нисбатан дипломатик босимни кучайтирганини қайд этди. Нашрга кўра, Вашингтон Россия билан янги музокаралар арафасида Киевни сўзсиз келишувга ундашга уринаётган. Шу билан бирга, АҚШ ҳукуматининг айрим аъзолари Москвага қарши санкциялар бўйича ҳозирча кескин чора кўришдан тийилаётганини тан олган.
АҚШ манбаларининг маълумотича, бу босим асосан Украина томонига қаратилган. Бу ҳолат Володимир Зеленскийнинг яқиндаги Вашингтон ташрифи пайтида ҳам яққол кўринган — у ерда Киев “Tomahawk” қанотли ракеталарини олиш бўйича аниқ кафолатга эга бўлмаган.
Путин ва Трампнинг суҳбати икки соат давом этгани ва унинг якунида икки давлат раҳбарлари икки ҳафта ичида Будапештда юзма-юз учрашишга келишиб олгани маълум қилинган.
Ордан бир кун ўтиб, 17 октябрь куни Трамп Оқ уйда Украина президенти Зеленский билан шахсан мулоқот қилди. Суҳбатнинг асосий мавзуси Киевга қурол-яроғ етказиб бериш масаласи бўлди. Axios маълумотларига кўра, Трамп бу борада ҳозирча қарор қабул қилмаган ва асосий диққатини дипломатик ечимга қаратганини билдирган. Зеленский эса “Трамп на ‘ҳа’, на ‘йўқ’ демади”, дея жавоб берди.
Шу тариқа, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги телефон суҳбати Украина атрофидаги музокараларнинг янги йўналишга кирганини кўрсатмоқда. Аммо Киев учун ҳозирча аниқ ечим йўқ — дипломатиядаги ҳар бир қадам қийин синов бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.