Қашқадарё вилоятида банк ходимаси мижозларнинг номидан уларнинг розилигисиз кредитлар расмийлаштиргани аниқланди. Судда унгa нисбатан ҳукм ўқилиб, озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Маълумотларга кўра, Қамаши туманидаги банклардан бирида мутахассис лавозимида ишлаб келган 25 ёшли аёл бир нечта фуқаролар номидан сохта ҳужжатлар тузган. У туман ҳудудида яшовчи бир шахс номига 17 миллион сўм, Ғузор туманидаги бошқа фуқаро номига 32 фоизлик 40 миллион сўм, Деҳқонобод туманида яшовчи мижоз номига 14 миллион сўм ва яна бир фуқаро номига 17 миллион сўмлик кредит маблағларини улардан бехабар расмийлаштирган.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчи фуқароларнинг имзоларини қалбаки йўл билан тузиб, банк тизими орқали кредитларни ўз манфаати йўлида ўтказган.
Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида айбдор деб топилиб, 1 йилу 2 ой муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Рақобат қўмитаси аввалроқ кредит маҳсулотлари реклама қилинганда мижозларни эҳтимолий оқибатлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш талабини жорий этиш таклифини илгари сурган эди. Бу каби ҳолатлар эса молиявий ташкилотларда масъулият ва шаффофликни кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!