
Маданият ва тарих олами яна бир улкан кашфиёт билан тўлди. Археологлар Гватемаланинг шимолида жойлашган, қарийб 3 000 йиллик тарихга эга қадимги майялар шаҳарининг харобаларини аниқлашди. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри хабар тарқатди. Кашфиёт нафақат майялар цивилизацияси, балки инсоният цивилизацион тарихи учун ҳам катта аҳамият касб этади.
Лос-Абуэлос — буюк цивилизация излари
Топилган шаҳар ҳозирги кунда Лос-Абуэлос деб номланмоқда. Испанчада бу “бувилар ва бувалар” маъносини англатади. Археологлар бу номни шаҳарда топилган икки инсонга ўхшаш ҳайкал — “оилавий жуфтлик” шарафига берганлар. Ҳайкаллар милоддан аввалги тахминан 500–300 йилларга бориб тақалади ва майялар жамиятида аждодларга эътиқод қандай даражада муҳим бўлганини акс эттиради.
Шаҳар Гватемаланинг Уашактун археология боғига яқин, 21 километр масофада жойлашган. Бу ҳудуд аввал тўлиқ ўрганилмаган ва фақат сўнгги тадқиқотлар давомида янги манзиллар аниқлана бошлаган.
Маросимлар маркази ва ёдгорликлар
Кашфиёт натижасида шаҳар ҳудудида фрескалар билан безатилган, баландлиги 33 метрга етадиган эҳром, қадимги суғориш тизими, маросимларни ўтказишга мўлжалланган платформалар ва бошқа қурилмалар аниқланди. Ушбу иншоотлар бу шаҳарнинг шунчаки турғунлик жойи эмас, балки диний ва маданий марказ бўлганини кўрсатади.
Маданият вазирлиги ва тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бундай иншоотлар фақат ҳурматли кишилар, руҳонийлар ва раҳбарлар яшаган марказий шаҳарларда учрайди.
Майялар тамаддунининг янги саҳифаси очилмоқда
Майялар цивилизацияси милоддан аввалги 2000 йиллар атрофида Мексиканинг жануби ва Гватемала, Белиз, Салвадор ҳамда Гондураснинг айрим қисмларида пайдо бўлиб, милодий 400–900 йилларда ўз тараққиётининг юқори нуқтасига етган. Лос-Абуэлос топилмаси эса бу тарихий тасаввурларга янги нуқта қўшиши мумкин.
Бу шаҳар орқали майялар ҳаёти, урф-одатлари ва диний эътиқодлари ҳақида янада аниқ ва кенг маълумотлар олиниши кутилмоқда.
Лос-Абуэлос топилмаси тарих фанида янги саҳифани очмоқда. Майялар сингари улкан цивилизациялардан ҳали нималарни билиб улгурмаганимизга яна бир исбот. Археология борасида бундай кашфиётлар нафақат илмий жамоатчилик, балки кенг аҳоли учун ҳам қизиқарли, руҳлантирувчи ва маданий меросни қадрлашга чорловчи ҳолат ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар