
Тарихчилар Исо пайғамбарнинг илк мўъжизаси — сувни шаробга айлантирган воқеаси содир бўлган ҳудудни аниқлагани ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Fox News нашри хабар тарқатди.
Инжилда Исо пайғамбар Канада (ёки Кана) номли жойдаги тўй маросимида сувни шаробга айлантиргани ҳақида қисқа маълумот берилган. Ушбу воқеа насроний динида Исо қилган биринчи мўъжиза сифатида қайд этилган. Бир неча асрлар давомида Кана деб аталган жойнинг асл жойлашуви ҳақида турли назариялар мавжуд эди.
Кафр Канна эмас, балки Хирбет Қана?
Узоқ йиллар давомида Исроилнинг Кафр Канна шаҳарчаси ушбу мўъжиза билан боғлиқ жой деб қаралиб келинган. 1914 йилдаги католик энциклопедиясида ҳам зиёратчилар айнан шу ерни муқаддас деб билгани қайд этилган. Аммо тарихчи Том Макколлоу бунга шубҳа билан қараб, ҳақиқий Кана — Кафр Каннанинг шимолида жойлашган Хирбет Қана бўлиши мумкинлигини илгари сурмоқда.

Макколлоу Хирбет Қана ҳудуди милоддан аввалги 323 йилдан милодий 324 йилгача фаол бўлган яҳудий қишлоғи бўлганини таъкидлайди. У 2017 йилда нафақага чиққунча Centre коллежида дин ва тарих фанларидан дарс берган ва айни пайтда ҳам археологик тадқиқотлар билан шуғулланмоқда.

Археологик далиллар кучли асос бўлмоқда
Унинг сўзларига кўра, Хирбет Қананинг афзалликларидан бири — у ерда насронийлар томонидан фойдаланилган қадимий туннеллар ва зиёратгоҳлар топилгани. “Биз Исо пайғамбар билан боғлиқ мўжиза эъзозланган ғорни топдик. Бу мажмуа V–VI асрлардан XII асрдаги салибчилар давригача фаол зиёрат қилинган”, — дейди олим.

Қазишмалар жараёнида меҳроб, тўғри кесилган тош идишлар учун жавонлар, ҳатто Коине юнон тилида “Кйириэ Иесоу” (“Эй, Исо, Раббим”) деб ёзилган девор нақшлари ҳам аниқланган.
Макколлоунинг таъкидлашича, Инжилда тилга олинган олтита тош идишга ўхшаш бешта хум ўрни топилгани ҳам муҳим археологик далиллардан бири ҳисобланади.
Флавий Иосифнинг манбалари билан ҳам мос келади
Макколлоу ўз назариясини машҳур биринчи аср тарихчиси — Флавий Иосифнинг ёзувлари билан ҳам мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Унинг таъкидлашича, Флавий Иосифнинг географик тавсифи Хирбет Қана жойлашган ҳудуд билан мос тушади.
"Юҳанно Инжилида Кана Исо пайғамбарнинг хавфсиз макони ёки фаолият маркази сифатида тилга олинади. У ва шогирдлари Яҳудияда таҳдид ва қаршиликка дуч келганида айнан шу жойга қайтиб келган", — дея хулоса қилди олим.
Археологик далиллар, географик мослик ва Инжилдаги контекстуал маълумотлар бирлашганда, Хирбет Қана ҳақиқатан ҳам Исо пайғамбарнинг сувни шаробга айлантирган мўъжизасига боғлиқ ҳудуд бўлиши мумкин. Бу эса нафақат тарих, балки диний туризм нуқтаи назаридан ҳам муҳим кашфиёт ҳисобланади.
Макколлоу ва унинг жамоаси топилган далилларни янада чуқурроқ ўрганиб, Исо пайғамбар ҳаётига оид энг кўп муҳокама қилинаётган воқеалардан бирига янгича ёндошувни шакллантирмоқчи.
Фото: Fox News «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар