date

Хитойдан Эронга учган радарларга кўринмайдиган самолётлар нима ташимоқда?

Хитойдан Эронга учган радарларга кўринмайдиган самолётлар нима ташимоқда?
Сўнгги кунларда Хитойдан Эронга учиб кетган сирли юк самолётлари халқаро ҳаво кенгликларида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Британиянинг нуфузли The Telegraph нашрининг ёзишича, 14–16 июнь кунлари ҳавога кўтарилган Boeing 747 туридаги юк самолётлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон устидан ўтиб, Эронга яқинлашган пайтда радарлардан йўқолиб қолган.

Айни вақтда парвоз режаларида бу ҳаво кемаларининг охирги манзили Люксембург сифатида кўрсатилган бўлса-да, уларнинг Европа ҳудудига етиб бормаганлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳолат мутахассислар орасида жиддий шубҳалар уйғотмоқда.

Авиация экспертларининг таъкидлашича, Boeing 747 туридаги юк самолётлари одатда ҳарбий жиҳозлар, техника ва қурол-аслаҳаларни ташишда фойдаланилади. Бу эса ушбу парвозларнинг мақсади фақат иқтисодий эмаслигини кўрсатади.

Англиянинг Ekseter университети тадқиқотчиси Андреа Гизелли таъкидлаганидек, Хитойнинг бу ҳаракатлари бевосита геосиёсий манфаатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. “Эрон режимидаги ҳар қандай беқарорлик Пекиннинг Яқин Шарқдаги иқтисодий ва энергетика стратегиясига жиддий таҳдид солади. Шу боис, Хитойдан келаётган ёрдамлар тасодифий эмас”, – деди у.

Бу фикрни Исроилнинг Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти вакили Тувия Геринг ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, Пекин томонидан Теҳронга ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган материаллар етказиб берилиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, самолётларнинг радарлардан йўқолиши энг катта шубҳани келтириб чиқармоқда. Чунки бу каби ҳаракатлар одатда махфий ва катта миқёсли операциялар билан боғлиқ бўлади. Халқаро таҳлилчилар Хитой ва Эрон ўртасидаги бундай алоқаларнинг қуйи оқибатларини ҳам баҳолай бошлади.

Айни пайтда, ушбу ҳаракатлар Яқин Шарқдаги тинчлик мувозанатига қандай таъсир ўтказиши, шунингдек, АҚШ ва Исроилнинг эҳтимолий жавоб чоралари қандай бўлиши мумкинлиги ҳам долзарб саволлар сифатида кун тартибига чиқди.

Келгуси кунларда бу сирли парвозларга расмий баёнотлар бўладими ёки йўқ – буни вақт кўрсатади. Аммо маълум бир нарса аниқ: Хитой ва Эрон ўртасидаги ҳар қандай махфий ҳамкорлик бутун минтақанинг тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойдан Эронга учган радарларга кўринмайдиган самолётлар нима ташимоқда?
-->