Янги мавсумдан катта умид билан кириб келган ва қисқа фурсатда Конференциялар лигасини тарк этган “Истанбул Башакшеҳир” жамоасида жиддий ўзгаришлар бошланди.
Истанбул клуби Туркия Суперлигасида ҳам дастлабки учта баҳсда ғалаба қозона олмади. Шу боис, эндиликда жамоани Европа футболида яхши танилган Нури Шахин мусобақаларга тайёрлайди.
Таркибни кучайтириш мақсадида раҳбарият Франция чемпионатидан бир нечта номдор футболчиларни олиб келди. Жумладан, “Ренн” дарвозабони Доған Алемдар ва ҳужумчи Бертуғ Йилдирим билан тўрт йиллик шартнома имзоланди. Шунингдек, “Марсель” яримҳимоячиси Амин Харит ижара асосида жамоага қўшилди.
Эслатиб ўтамиз, ёзги трансфер ойнасидан “Рома”дан Элдор Шомуродов бир йилга ижарага олинганди. Кейинчалик сотиб олиш имконияти ҳам мавжуд. 30 ёшли легионеримиз қисқа вақт ичида жамоанинг етакчи шахсиятига айланди. Элдор Конференциялар лигасида 6 та, Суперлигада эса 3 та ўйинда майдонга тушиб, ўтган турда “Бешиктош” дарвозасини ишғол қилди.
Шуни таъкидлаш керакки, янги келган Бертуғ Йилдирим ҳам марказий ҳужумчи ҳисобланади. У Шомуродовнинг тўғридан-тўғри рақиби сифатида кўрилади. Бироқ Элдорнинг универсаллиги шундаки, у ҳужум чизиғининг исталган нуқтасида самарали ўйнай олади.
“Башакшеҳир” тарихидаги энг қиммат трансфер Аббосбек Файзуллаев эса ҳали тўлиқ мослашиш жараёнини ўтказмоқда. Шу пайтгача у асосан захирадан майдонга туширилди. Қизиғи, Амин Харитнинг позицияси ҳам Аббосбекники билан бир хил – марказий яримҳимоячи. Бироқ ҳар иккиси қанотлардан ҳам ҳужум қилиш имконига эга.
Истанбул клуби кейинги йилларда Еврокубокларда мунтазам иштирок этишни мақсад қилиб келмоқда. Бу мавсумда ҳам жамоа олдидаги вазифа ўзгармаган.
Биз учун энг асосий жиҳати – Ўзбекистон терма жамоаси илк маротаба жаҳон чемпионатида қатнашиши мумкин бўлган мавсумда легионерларимиз Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўз клубларида етакчи ўринларда бўлишлари зарур. Мухлислар ҳам уларнинг янги синовлардаги ҳаракатини катта қизиқиш билан кузатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!