Литвада замонавий таълим дастурлари тобора янги йўналишларни қамраб олмоқда. Мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Кедайняй шаҳридаги мактабда 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчилар дронлардан фойдаланиш ва уларни бошқаришга ўргатилмоқда. Журналистлар мактабга ташриф буюриб, тоғри қўлланма ва замонавий жиҳозлар асосида машғулотлар ўтказилаётганига гувоҳ бўлишди.
Литванинг норасмий таълим агентлиги директори Валдас Янкаускаснинг таъкидлашича, бугунги кунда ўқувчиларнинг камида 10–15 фоизи келгусида муҳандислик ёки эҳтимол мудофаа соҳасида таълим олишини кутиш мумкин. Унинг айтишича, бу каби дастурлар нафақат ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширади, балки уларни келажакдаги касбий йўналишини аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
TASS тарқатган хабарга кўра, ўқувчилар ҳақиқий ҳарбий машғулотларга ўхшаш шароитда тажриба орттирмоқда. Улар махсус шлемлардан фойдаланиб дронларни бошқаришни ўрганмоқда. Шу билан бирга, мактабдаги 3D-принтерлар ёрдамида дронларнинг айрим қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. Машғулотларда қатнашган ўқувчилардан баъзилари оммавий ахборот воситалари орқали дронларнинг жанг майдонларидаги қўлланилиши билан ҳам танишиб боришмоқда.
Бу дастур Литва Таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан молиялаштирилмоқда. Дастурнинг умумий қиймати 3,3 миллион евро деб баҳоланган. Айни пайтда тахминан 300 нафар ўқувчи мазкур машғулотларга жалб этилгани маълум қилинди.
The Guardian нашри ёзишича, дастур турли ёш тоифалари учун алоҳида йўналишларда ташкил этилмоқда. Масалан, 8–10 ёшли 3–4-синф ўқувчилари оддий дронларни йиғиш ва бошқаришни ўрганса, каттароқ ўқувчилар — яъни ўрта мактаб ёшиддагилар дрон қисмларини лойиҳалаш, уларни 3D-принтерда тайёрлаш ҳамда мураккаброқ моделларни йиғиш ва самарали бошқаришни ўрганишмоқда
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!