
Фарғона вилоятида кучли таъсирга эга дори воситаларининг ноқонуний айланиши фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учкўприк тумани бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бир қатор дорихона сотувчилари жиноят устида қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, Қўқон шаҳрида жойлашган “U.F.” оилавий корхонасига қарашли дорихона сотувчиси харидорга 50 дона ампуладаги “Омнадрен 250” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз сотган. Ушбу маҳсулот умумий қиймати 2,4 миллион сўмга баҳоланган. Тезкор тадбир пайтида сотувчи ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Данғара тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир операция давомида Бувайда туманидаги “Янгиқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “V.F.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси ҳам ноқонуний ҳаракатлари учун қўлга олинди. У харидорга 75 дона ампуладаги “Омнадрен 250” дори воситасини врач рецептисисиз 4,1 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан фош этилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, “Омнадрен 250” кучли таъсир қилувчи препаратлар қаторига киради ва унинг назоратсиз ишлатилиши инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис бундай дорилар фақат шифокор кўрсатмаси ва расмий рецепт асосида сотилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!