Ўтган ҳафта Замбияда дахшатли воқеа содир бўлди: мамлакат Президентининг ҳаётига суиқасд қилишни режалаштирган икки нафар эркак фолбин икки йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди.
Полициянинг маълум қилишича, 2024 йилнинг охирида 43 ёшли замбиялик Леонард Пхири ва 42 ёшли мозамбиклик Жастин Кандунгеде пойтахт Лусакадаги меҳмонхонада қўлга олинган. Меҳмонхона ходимаси ғалати товушларни эшитиб, фавқулодда эҳтиёткорлик билан полицияга хабар қилгач, фолбинлар яшаган хонанинг ҳар бир бурчагидан турли сеҳр-жоду буюмлари топилган. Уларнинг орасида тирик буқаламун, номаълум ҳайвоннинг дум қисми, 12 та шиша доривор моддалар ва шу каби сехрли воситалар бўлган.
Текширувлар шуни кўрсатдики, фолбинлар уларнинг мақсади — Замбия Президенти Ҳакаинде Ҳичилемани афсунлаш ва кейинчалик ҳаётига зарар етказиш бўлган. Бу операция уларнинг тасаввурига кўра “афсунли” усуллар билан амалга оширилиши режалаштирилган эди.
Маълумотларга кўра, президентни ўлдириш нияти фолбинларга маҳаллий обрўли сиёсатчи Эммануэль Банданинг укаси Нельсон Банда томонидан топширилган ва уларга 2 миллион замбия квачаси (тахминан 73 минг доллар) тўланган. Айбланувчилар эса суд жараёнида ўз айбини тўлиқ тан олган.
Маълумот учун, мамлакатда 1914 йилдан бери кучда бўлиб келаётган сеҳр-жодуни тақиқловчи қонун бор. Унга кўра, ўзини сеҳрли ёки ғайритабиий қобилиятларга эга деб кўрсатиш, одамларни қўрқитиш ёки уларга зарар етказишга уринган ҳар қандай ҳаракат — фолбинлик фаолияти сифатида баҳоланади. Бу каби жиноят учун энг юқори жазо – уч йилгача озодликдан маҳрум этиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаити пойтахти Порт-о-Пренсда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди: жиноий гуруҳ аъзолари 110 кишини афсунгарликда айблаб, уларнинг ҳаётига зўравонлик билан дахл қилгани маълум қилинган. Бу ҳодиса фолбинлик ва сиёсий хавфсизлик масаласи глобал даражада жиддий аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!