
Европанинг ғарбий ва жанубий ҳудудлари эрта ёзги иссиқ тўлқинлар билан юзлашар экан, Туркиянинг ғарбий қисмидаги ёнғинлар туфайли 50 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Айниқса, Измир вилоятида кучли шамоллар ёрдамида кенгайган ўрмон ёнғинлари вазиятни янада кескинлаштирмоқда.
Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АФАД) маълумотига кўра, фақатгина Измир вилоятининг ўзидан 42 мингдан зиёд фуқаролар хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Мамлакат қирғоқбўйи ҳудудлари сўнгги йилларда тобора кучайиб бораётган ёзги қурғоқчилик ва юқори ҳароратлар сабабли тез-тез ёнғинларга дуч келмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни инсон фаолияти натижасида юзага келган иқлим ўзгариши билан боғламоқда.
Франциянинг жануби-ғарбий Ауде департаментида якшанба куни 400 гектарга яқин ҳудудни ёнғин қамраб олди. Натижада бир нечта лагерлар ва тарихий аббатликдан одамлар эвакуация қилинди. Ҳарорат 40°С даражагача кўтарилган ҳудудларда ёнғинлар ҳозирча назорат остига олинган, бироқ тўлиқ ўчирилмади.
Франция метеорология хизмати Метео Франcе мамлакатдаги 101 та департаментдан 84 тасида "тўқ сариқ" даражадаги иссиқлик огоҳлантирувини эълон қилди.
Италия, Испания, Германия, Португалия ва ҳатто нисбатан юмшоқ иқлимга эга Голландияда ҳам соғлиқ учун хавфли ҳароратлар бўйича огоҳлантиришлар берилди. Испания метеорологик агентлиги АEМEТ мамлакат тарихидаги энг иссиқ июн ойи қайд этилаётганини маълум қилди. Севиляда ҳарорат 42°С даражага етди, Эл Гранадо шаҳрида эса 43.7°С даража қайд этилди.
Италияда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рим, Милан каби 16 шаҳар учун энг юқори "қизил" огоҳлантириш даражасини эълон қилди. Ломбардия минтақаси иссиқнинг энг юқори вақтларида очиқ ҳавода ишлашни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда.
Германияда ҳам 34°С даражагача кўтарилган ҳароратлар фонида сув истеъмолини чеклаш чақириқлари янграмоқда. Иссиқлик тўлқини Рейн дарёсидаги сув сатҳининг тушиб кетишига олиб келиб, юк ташиш харажатларининг ошишига сабаб бўлмоқда. Бу эса минтақа энергетика бозорида ҳам кескин нарх ошишига олиб келмоқда.
Иқлим бўйича Европа Иттифоқи Коперникус хизмати вакили Саманта Бургесснинг таъкидлашича, "Европанинг катта қисми айни пайтда одатда июл ёки август ойларида кузатиладиган даражадаги иссиқ тўлқинларни бошдан кечирмоқда." Ҳароратлар одатий кўрсаткичлардан 5-10°С га юқори.
Мутахассислар ҳар йили дунё бўйича экстремал иссиқлик сабабли 480,000 га яқин инсон ҳаётдан кўз юмишини билдирган. Бу кўрсаткич сув тошқинлари, зилзилалар ва довуллардан биргаликда кўра кўпроқ инсон ҳаётига зиён етказади. Иссиқлик нафақат соғлиқ, балки инфратузилма, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш тизимларига ҳам босимни кучайтирмоқда.
Олимларнинг фикрича, бу каби ҳодисаларнинг асосий сабаби — ёқилғи ёқишдан ҳосил бўладиган иссиқхона газлари ҳисобланади. 2024-йил эса тарихдаги энг иссиқ йил сифатида қайд этилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар