
Сўнгги йилларда Чеченистоннинг Украинадаги урушдаги иштироки янада кўлам олади, деб хабар берди @Kadyrov_95 телеграм канали. Республика раҳбари Рамзан Қодировнинг сўзларига кўра, бугунгача Чеченистондан 60 мингдан зиёд жангчи жанг майдонига юборилган, улар орасида 22 мингдан ортиғи кўнгиллилар ҳисобланади. Ҳозирда эса фронт чизиғида, Россия Мудофаа вазирлиги, Росгвардия, “Ахмат” махсус бўлинмалари ва Чеченистон Ички ишлар вазирлиги сафида 13 минг атрофидаги йигитлар хизмат қилмоқда.
2024 йил май ойида Қодиров Россия президенти билан учрашувда уруш бошланганидан буён 55,5 мингдан ортиқ чечен жангчиси юборилганини маълум қилганди. Шу билан бирга, хавфсизлик кучлари умумий сонига казарма шароитида бўлган, таътилдаги ёки ротация доирасида қайтган ҳарбийлар киритилмаган. Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Чеченистонда контракт имзолашга мажбурлаш ҳолатлари мавжудлигини таъкидлашади.
Чеченистоннинг уруш учун моддий ва техник “ҳиссаси” ҳам кўзга ташланмоқда. Жорий йил бошида Рамзан Қодиров фронтга Хитойда ишлаб чиқарилган бешта Changan зирҳли пикап юборгани ҳақида маълум қилди. Аввалроқ эса, Россия бўлинмаларига автотранспорт, дрон ва ҳарбий анжомлар етказилгани эълон қилинган эди. 2024 йил октябрда Қодиров “Россия учун халқ фронти” ҳаракатига 100 та махсус “жиҳод машинаси” беришини маълум қилганди. Шунингдек, Чеченистон раҳбарияти уруш учун 78 та УАЗ “Патриот”, УАЗ-452 ва “Нива” автомобилларини ҳам юборган.
“Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодиров” номидаги жамғарма урушдаги техник таъминлаш ва моддий ёрдам билан ҳам фаол. Уруш давомида жамғарма орқали 2 515 дона махсус автотранспорт, 12 650 дона квадрокоптер (дрон), 32 781 дона алоқа воситаси ва 112 857 тўлиқ ҳарбий жиҳоз тўплами харид қилинган. Жамғарманинг уруш учун жами харажатлари 40 миллиард рублдан (500 миллион доллардан ортиқ) ошиб кетган.
Мазкур маълумотлар Чеченистоннинг Украинадаги урушга фақат жангчилар эмас, балки логистика ва моддий жиҳатдан ҳам катта ҳисса қўшаётганини кўрсатмоқда. Бу жараёнда юборилаётган техника, дрон ва жиҳозлар фронтдаги қўшинлар имкониятини кенгайтираётгани, Қодиров ва унинг жамоаси эса бу орқали Москва ҳузурида ўзига хос нуфузни сақлаб қолаётгани қайд этилади.
Яқин келажакда Чеченистоннинг бу каби фаол иштироки Россия–Украина уруши жараёнида яна қандай ўзгаришларга олиб келиши мумкинлиги эса таҳлилчилар диққат марказида қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар