
Европага ультиматум: "биз ҳозирнинг ўзида тайёрмиз"
Россия президенти Владимир Путин "Россия зовёт!" инвестиция форумида сўзга чиқиб, мамлакати Европа билан жанг қилишни хоҳламаслигини, аммо агар уруш бошланса, Москва «ҳозирнинг ўзида бунга тайёр» эканини маълум қилди (РБК нашри хабар тарқатди).
Унинг таъкидлашича, Европа АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Украинадаги можарони тинч йўли билан ҳал қилишга халақит бермоқда. "Европа Россияга стратегик мағлубият етказиш тезисини ўзига қурол қилиб олди ва ҳозиргача бу хомхаёллар билан ҳаёт кечирмоқда. Улар уруш томонида", деди Путин. Брюссел Россияга номақбул тинчлик таклифларини илгари суришга давом этмоқда.
Шу билан бирга, Россия президенти Украинадаги «махсус ҳарбий операция» том маънодаги уруш эмас, чунки "Россия Украинада жарроҳлик йўли билан, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Бу тўғридан-тўғри, замонавий маънодаги уруш эмас", дея изоҳ берди.
Қора денгиздаги қароқчилик ва энг радикал жавоб
Путин Қора денгиздаги вазиятга ҳам қатъий тўхталди. Агар Украина танкерларга ҳужумни давом эттирса, Россия Украинага ёрдам бераётган давлатларнинг кемаларига қарши «жавоб чоралари» кўриш имкониятини ўрганиб чиқиши мумкин.
Россия президенти Украина томонининг ҳаракатларини «денгиз қароқчилиги» деб атади. Энг радикал жавоб – Украинани Қора денгиздан бутунлай узиб қўйиш, шунда «қароқчилик билан шуғулланиб бўлмайди», дея огоҳлантирди Путин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.