date

Англияда болалар қашшоқлик ботқоғида ҳаёт кечирмоқдами?

Англияда болалар қашшоқлик ботқоғида ҳаёт кечирмоқдами?
Англиядаги миллионлаб болалар ҳозирда шундай оғир шароитда ҳаёт кечирмоқдаки, бу ҳолатни баъзилар 19-асрдаги машҳур ёзувчи Чарльз Диккенс асарларида тасвирланган қашшоқликка тенглаштирмоқда. Англияда болаларнинг муҳтожлик ва танқисликда яшаши деярли одатий ҳолга айланиб бормоқда, деб баёнот берди мамлакат болалар ишлари бўйича омбудсмани Дэйм Рейчел де Суза.

Омбудсман сўнгги тўрт йилда болалар ҳаёти ва уларнинг фикрлаш тарзида катта ўзгаришни кузатганини маълум қилган. Болалар энди қашшоқликни назарий тушунча эмас, балки кундалик ҳаётларидаги ҳақиқий муаммо сифатида ҳис этмоқда. Уларда “оддий” деб ҳисобланадиган имкониятлар йўқ: тоза ва хавфсиз уй, етарли ўринли тўшак, иссиқлик, ўзгалардан мустақиллик, шунингдек, дўстларини уйга чақириш имконияти ва мактабга узоқ масофани босиб ўтмасдан етиб бориш.

Ҳисоботда қайд этилишича, болалар юзага келган оғир ҳолатларни “оддий” ва ҳатто “табиий” деб қабул қила бошлаган. Баъзилари шундай шароитда яшашни ўз ҳаётларининг ажралмас қисми сифатида кўради. Айрим ёшлар эса тоза сувда ювина олмаслик, деворларидан каламушлар ўтиши, ётоқхонасининг қуруқ эмаслиги ва овқат сифатида “лукс” саналадиган беконни истеъмол қилиш орзуси ҳақида сўзлаб берган.

Дэйм де Суза таъкидлаганидек, “дунёнинг энг бой жамиятларидан бири бўлмиш Англияда раҳбарларимиз болаларнинг тақдири уларнинг ота-оналари молиявий аҳволига боғлиқ бўлаётганидан уялишлари керак”.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил апрелига қадар Англияда 4.5 миллион бола қашшоқликда яшаган. Бу рекорд даражадаги кўрсаткич. Бу ҳолатда катта баҳсларга сабаб бўлаётган икки болагача имтиёз бериш чегараси энг катта муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда.

Консервативлар партияси томонидан 2017 йилда жорий этилган мазкур сиёсатга кўра, кўпчилик оилаларда учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун болаларга оид кредит ёки универсал кредит тўланмайди. Бунда ҳар куни ўртача 109 нафар бола қашшоқликқа тортилмоқда, деб ҳисоблайди Бoлалар Қашшоқликка қарши ҳаракат гуруҳи (Child Poverty Action Group).

Бошқа ҳисоботларга кўра, мазкур сиёсатни бекор қилиш ҳукуматига йилига тахминан 3.4 миллиард фунт стерлингга тушади, аммо натижада 500 минг бола нисбий қашшоқликдан чиқиши мумкин.

Де Суза бу муаммонинг “бир кунда ҳал бўлиши мумкин эмас”лигини тан олди, аммо “ҳаракатнинг биринчи қадами икки болали чегарани бекор қилиш бўлиши шарт”, дея таъкидлади. У шунга қўшимча равишда, болалар учун молиявий ёрдамлар инфляция билан биргаликда ўсиб боришини таъминлаш учун “уч қатламли кафолат” жорий этишни, оилалар вақтинча меҳмонхонада бир неча ҳафтадан ортиқ яшашга мажбур бўлмаслиги учун ислоҳотлар киритишни, ҳамда барча мактаб ёшидаги болалар учун автобуслардан бепул фойдаланишни таклиф қилди.

128 нафар бола иштирок этган сўровда уларнинг 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган турли ёшдаги гуруҳлари ўз ҳаётлари ҳақида очиқча фикр билдиришган. Улар асосан сифатли ва соғлом овқат етишмаслиги, жуда тор ва антисанитар шароитда яшаш, таълим учун тегишли жойнинг йўқлиги, мактабга боришдаги қийинчиликлар каби муаммоларни тилга олишган.

Болаларни қўллаб-қувватлаётган мактаблар ҳам, уларнинг ўқитувчилари ҳам бу оғир ҳолатни ҳар куни ўз кўзлари билан кўрмоқда. Мактаб раҳбарлари уюшмаси (NAHT) бош котиби Пол Уайтман таълим муассасаларида ўқитувчилар таом тарқатиш, иссиқ хоналар ташкил этиш, озиқ-овқат купонлари бериш, ҳатто кир ювиш хизмати кўрсатиш каби ишлар билан шуғулланаётганини маълум қилди.

“Бу ҳолатда мактаблар нафақат таълим, балки ижтимоий ёрдам марказига айланиб қолмоқда. Лекин бу масалада ечим фақат таълим соҳасидан эмас, балки ҳукуматнинг барча бўғинларидан ҳамкорликни талаб қилади”, — деди Уайтман.

Ҳукуматнинг меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги мазкур масала бўйича ҳозирча расмий изоҳ бермади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Англияда болалар қашшоқлик ботқоғида ҳаёт кечирмоқдами?