Хитой қайта тикланадиган энергия соҳасида яна бир жаҳон миқёсидаги рекордни ўрнатди. Мамлакат Москванинг ярмига тенг ҳудудни қамраб олган улкан қуёш энергияси фермасини барпо этди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Тибет платосидаги Талатан қуёш панели денгиз сатҳидан қарийб 3 километр баландликда жойлашган бўлиб, у ерда 420 квадрат километр майдонни эгаллаган қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ҳудуд дунёдаги энг катта ва энг юқорида жойлашган қуёш энергияси марказларидан бирига айланди.
Экспертлар таъкидлашича, қуёш фермаси учун танланган жой табиий жиҳатдан беназир — бу ерда ҳаво нозик, ҳарорат паст ва қуёш нурлари жуда ёрқин, бу эса энергия самарадорлигини бир неча баробар оширади. Шунингдек, шамол турбиналари ҳам қуёш энергиясини тўлдириш мақсадида яқин атрофдаги чўл ва тоғ текисликларига ўрнатилган.
Талатан лойиҳаси доирасида гидроэлектр тўғонлар ҳам қурилган бўлиб, улар тоғли дарёлар бўйлаб жойлашган. Юқори кучланишли электр узатиш линиялари орқали эса бу тоза энергия 1600 километрдан ортиқ масофадаги шаҳар ва заводларга етказиб берилади.
Хитой ҳукумати бу лойиҳани “келажак энергия тизимининг прототипи” сифатида баҳоламоқда. Мақсад — минтақани арзон ва қайта тикланадиган энергия билан таъминлаш ҳамда бу ресурсни сунъий интеллект марказлари каби юқори қувват талаб қилувчи соҳаларда фойдаланиш.
Ҳозирги кунда Талатан қуёш станцияси 16 930 мегаватт қувватга эга. Мутахассислар 2028 йилга бориб панеллар майдони икки баробарга, 2030 йилга келиб эса энергия ишлаб чиқариш ҳажми беш баробарга ошишини кутмоқда.
Яқин атрофда қўшимча равишда 4700 мегаватт шамол энергияси ва 7380 мегаватт гидроэнергия тизимлари фаолият кўрсатмоқда — бу эса Тибет платосини дунёнинг энг йирик яшил энергия марказига айлантириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой дунёдаги энг катта сузувчи шамол турбинасини ишлаб чиқарган эди. Унинг қанотлари майдони еттита футбол майдонига тенг бўлиб, 16 мегаватт қувват билан ишлайди. Янги қурилма Гуанси-Чжуан автоном ҳудудида синовдан ўтказилиб, яқин орада тармоққа уланиши режалаштирилган.
Хитойнинг бу йирик энергия лойиҳалари мамлакатнинг келажакдаги экологик барқарорлик ва технология соҳасидаги етакчи мавқеини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!