date

Сеулда фуқаролар учун ядровий бошпана қурилади

Сеулда фуқаролар учун ядровий бошпана қурилади

Жанубий Корея пойтахти Сеулда илк фуқаролик ядровий бункер қурилиши режалаштирилмоқда, деб хабар берди Korea Herald. Янги объект шаҳарнинг Сонпха-гу туманидаги Гарак-дон маҳалласидаги кўп қаватли тураржой мажмуаси остида барпо этилади.

Маълумотларга кўра, бу лойиҳа мамлакатнинг фуқаро хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва эҳтимолий ядровий ёки кимёвий таҳдидларга жавоб бериш мақсадида амалга оширилади. Ҳукумат ва Сеул уй-жой ва коммунал хизматлар корпорацияси бункер қурилишини 2028 йилга қадар якунлашни режалаштирган.


Бункернинг асосий вазифаси — фуқароларни ядровий, биологик ва кимёвий ҳужумлардан ҳимоя қилишдир. Объект учинчи ертўла даражасида жойлашади ва 16 та кўп қаватли уйларни ўз ичига олган янги тураржой мажмуаси таркибига киради.

2147 квадрат метрли ерости паноҳгоҳ бир вақтнинг ўзида 1020 кишига яшириниш имконини яратади. У шамоллатиш, сув таъминоти ва захира тизимлари, канализация билан жиҳозланади. Бу тузилма фуқароларга фавқулодда ҳолатда 14 кунгача мустақил равишда ер остида яшаш имконини беради.


Лойиҳанинг энг қизиқ жиҳати шундаки, бункер икки хил мақсадда фойдаланилади. Тинчлик даврида у жамоат фитнес маркази сифатида очиқ бўлади, хавф туғилган ҳолларда эса ҳимоя иншоотига айланади. Бу Жанубий Кореяда фақат фуқаролик эҳтиёжлари учун қурилаётган ва ядровий портлаш таъсирига чидамли илк объект бўлади.

Шаҳар маъмуриятининг таъкидлашича, бу ташаббус янги глобал воқелик ва таҳдидларга мос равишда фуқаро мудофааси тизимини қайта янгилаш заруратидан келиб чиққан.

“Замонавий таҳдидлар анъанавий хавфлардан бутунлай фарқ қилади. Биз бу лойиҳа орқали бошпаналарнинг аҳамиятини ошириш ва Сеул аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилганмиз”, — дейилади шаҳар маъмурияти баёнотида.


Бункер қурилиши мамлакатдаги “Сеул мудофааси–2030” дастурининг бир қисми ҳисобланади. Унга кўра, ҳукумат ядровий, биологик ёки кимёвий ҳужумлар содир бўлган ҳолатда аҳолини тезкор равишда ҳимоя қилиш имконини берувчи бошпаналар тармоғини яратишни режалаштирмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йилларда КХДР томонидан ядровий синовлар сони ортиб, минтақада хавф даражаси ошган. Шу боис, Жанубий Корея ҳукумати нафақат ҳарбий, балки фуқаролик соҳасида ҳам хавфсизлик инфратузилмасини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблайди.

Сеулнинг янги бункери — нафақат замонавий мудофаа лойиҳаси, балки янги реалликда фуқаро хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сеулда фуқаролар учун ядровий бошпана қурилади