date

Катта шаҳарлардаги хиёбон ва боғларда хизмат итлари патруллик қила бошлади

Катта шаҳарлардаги хиёбон ва боғларда хизмат итлари патруллик қила бошлади

Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди. Янги қўшма қарорга мувофиқ, эндиликда хиёбонлар, истироҳат боғлари ва бозорларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш мақсадида хизмат итлари иштирокида патрул нарядлари фаолият бошлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Тажриба тариқасида дастлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек, барча вилоят марказларида хизмат итлари билан биргаликдаги нарядлар иш бошлади. Улар фуқаролар кўп тўпланадиган ҳудудларда жиноятларнинг олдини олишга йўналтирилган махсус вазифаларни бажаради.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ Кинология бўлими ходимлари айни пайтда “Tashkent City Mall” савдо мажмуаси, “City Park”, “Dream Park” ва “Magic City” каби жойларда хизмат олиб бормоқда. Улар гиёҳванд моддаларни аниқлашдан ташқари, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноят содир этган шахсларни топиш ва ушлашда ҳам фаол иштирок этади.

Бундан ташқари, хизмат итлари зарур ҳолларда фуқаролар ёки ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши ҳужум уюштириш эҳтимоли бор вазиятларда ҳам қўлланилади. Шунингдек, қўлга олинган шахсларнинг қочишга уриниши ёки атрофдагиларга зарар етказиш ҳолатларини бартараф этишда ҳам уларнинг ёрдами катта аҳамият касб этади.

Қарорга мувофиқ, хизмат итлари иш вақти об-ҳаво ҳароратига қараб белгиланган: агар ҳаво +30°C дан юқори ёки +1°C дан паст бўлса, уларнинг хизмат муддати 4 соатдан ошмаслиги лозим.

Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу ташаббус нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Янги тизим синов натижаларига кўра, келгусида бошқа шаҳар ва туманларга ҳам кенгайтирилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Катта шаҳарлардаги хиёбон ва боғларда хизмат итлари патруллик қила бошлади