Уругвай миллий терма жамоаси дарвозабони Франко Исроил Ўзбекистон устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг ўйин ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Дарвозабоннинг сўзларига кўра, ўйиндаги энг мураккаб дақиқа — бурчак зарбаси амалга оширилган лаҳза бўлган.
“Мен учун энг оғир вазият — бурчак зарбаси вақтидаги ҳолат эди. Шомуродовнинг иккинчи бўлимда боши билан йўллаган зарбаси ҳам хавфли бўлди, аммо у кўпроқ инстинкт ва тезкор реакция асосида амалга ошди. Бурчак зарбасида эса ҳамма нарсани ҳисобга олиш керак — тўпнинг йўналиши, орқада ким борлиги, қайси йўналишда сакраш лозимлиги. Бу ҳолат мураккаброқ бўлади,” — деди Франко Исроил.
Дарвозабоннинг таъкидлашича, ўйин асосан Уругвай назорати остида кечган, фақат охирги дақиқаларда Ўзбекистоннинг жавоб голи вазиятни бироз қийинлаштирган. “Ўйин биз томонда эди, аммо ўтказиб юборилган гол сабаб охирги дақиқаларда ҳимояда анча ишлашга тўғри келди. Ўша вазиятда офсайд бор-йўқлигини билмайман, лекин футболда бундай ҳолатлар доим бўлади,” — деди у.
“Дарвозабон учун тўп ўтказмаслик жуда муҳим. Баъзан омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Энг муҳими, биз ғалаба қозондик. Бу ўйин биз учун яхши тажриба бўлди ва жамоа бирлашган ҳолда ҳаракат қилди,” — дея қўшимча қилди 25 ёшли футболчи.
Франко Исроилнинг сўзларига кўра, Уругвай термаси сўнгги учрашувларда ўйин тизимини мустаҳкамлашни мақсад қилган ва жамоа жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистонга қарши ўйин у учун нафақат ғалаба, балки профессионал жиҳатдан муҳим синов бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!