
Украинадаги уруш тўхташи учун янги қадамлар: президент Володимир Зеленский Москва билан кейинги музокаралар қандай шартларда ўтади, деган саволга аниқ жавоб берди, деб хабар берди dw.com. Зеленский 10 июль куни Римда ўтказилган Украинада урушдан кейинги тикланишга бағишланган 4-халқаро конференцияда журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, музокаралар жараёни янада мазмунли бўлиши учун, авваламбор, томонлар аввалги келишувларни — яъни Истанбулда иккинчи учрашувда амалга оширилган алмашинувларни тўлиқ якунлаши шарт. У “Биз 2 июнь куни Истанбулда эришилган келишувлар, оғир яраланганлар ва 25 ёшгача бўлган асирларни алмашиш, шунингдек, ҳалок бўлган аскарлар жасадларини топшириш жараёнларини якунлашимиз лозим”, деди.
Маълумот учун, июнь ойи давомида Украина ва Россия бир неча марта ҳарбий асирларни ва ҳалок бўлганлар жасадларини алмашди. Истанбул музокараларидан кейин 9, 10, 12, 19 ва 20 июнь кунлари турли алмашинувлар амалга оширилди. Зеленский фикрича, бу жараён яқин вақтда тўлиқ якунланади ва шундан кейин янги босқич — етакчилар даражасидаги тўғридан-тўғри учрашувни тайёрлаш мумкин бўлади.
Зеленский музокаралар учун энг мақбул формат — давлат раҳбарлари даражасидаги Украина–Россия–АҚШ учрашуви эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай мулоқотда фақат сўзлар эмас, балки аниқ ва амалий кафолатлар ҳам муҳокама қилиниши керак. “Столда фақат мулоҳазалар эмас, балки аниқ кафолатлар бўлиши лозим”, деди президент.
Айтиш жоиз, Ватикан, Австрия, Швейцария ва Туркия аллақачон бу музокаралар учун майдонча таклиф этган. Украина раҳбарияти эса ушбу таклифларни пухта ўрганмоқда ва муҳокамаларнинг барча талабларга жавоб берадиган, самарали ва барқарор форматда ўтиши учун ҳаракат қилмоқда.
Якуний қарор ва учрашув санаси ҳозирча аниқ эмас. Бироқ, Украина президентининг сўзларига қараганда, эндиги энг асосий мақсад — инсонпарварлик алмашинуви жараёнларини тўлиқ якунлаш ва кейин етакчилар даражасида ҳал қилувчи музокаралар бошланишини таъминлаш.
Украина ва Россия ўртасидаги мураккаб тортишувлар қандай ечимга келади ва Вашингтоннинг роли бу жараёнда қанчалик кучли бўлади? Яқин ҳафталарда муҳим сиёсий воқеалар кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар