
Арманистон Республикаси расман Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо бўлиш нияти борлигини билдирди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот эълон қилди.
Таъкидланишича, ШҲТнинг асосий тамойиллари — ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик ва чегаралар дахлсизлигини қўллаб-қувватлаш билан яқиндан танишган Арманистон Республикаси ушбу ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишга тайёр эканини билдирди.
«Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг асосий тамойиллари, яъни ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик ва чегаралар дахлсизлиги билан ўртоқлашган Арманистон Республикаси ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирди», — дейилади расмий баёнотда.
Бу баёнот, таҳлилчилар фикрича, Ереваннинг ташқи сиёсатдаги янги йўналишини намоён этади. Сўнгги йилларда Арманистон Ғарб ва Россия ўртасидаги сиёсий мувозанатни сақлашга уринаётган эди. Энди эса минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш истаги янада яққол кўзга ташланмоқда.
Маълумот учун, ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатларни ўз ичига олган минтақавий тузилма ҳисобланади.
Ереваннинг бу ташаббуси амалга ошса, ШҲТнинг сиёсий ва географиявий таъсир доираси янада кенгайиши мумкин. Аммо ҳозирча аъзолик расмий қабул қилинмаган ва ташкилот томонидан ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмаган. Шу боис, бу қадам келгусида қандай натижалар беради — вақт кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар