Дунё иқтисодиётида яна бир муҳим хабар — АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистонга нисбатан янги ва кескин тарифлар киритилишини маълум қилди. У Truth Social платформасида қилган баёнотида, 1 августдан бошлаб Ҳиндистондан импорт қилинадиган товарларга 25 фоизлик экспорт божи қўлланишини айтди.
Трамп ўз чиқишида Ҳиндистонни “дўст” сифатида атаган бўлса-да, бу мамлакатда товарлар учун қўлланиладиган тарифлар ва савдо тўсиқлари жаҳондаги энг юқори даражада эканини урғулади. Унга кўра, АҚШ билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмаси йиллар давомида паст бўлиб келган, чунки Ҳиндистон импортга катта тўсиқлар ва солиқлар қўяди.
«Ҳиндистон бизнинг дўстимиз бўлишига қарамай, мамлакат барча давлатлар орасида энг юқори тарифларни белгилаган. Шунингдек, турли қийин ва ёқимсиз номонитар савдо тўсиқлари мавжуд», — деди Трамп ўз саҳифасида.
Трампнинг таъкидлашича, Ҳиндистон ҳарбий техникасининг кўп қисмини Россиядан харид қилади ва Хитой билан бирга Россиянинг энергия ташувчиларининг йирик мижозларидан бири ҳисобланади. “Бутун дунё Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишини истаяпти, лекин Ҳиндистон ва Хитой Россия билан ҳали ҳам фаол савдо қилиб келмоқда”, — деди у.
Шу сабабли, Трамп 1 августдан бошлаб Ҳиндистон учун 25 фоизлик экспорт божи ва жарима қўлланилишини эълон қилди. Айтиш жоиз, у бу тарифдан ташқари яна қандай чоралар бўлиши ҳақида аниқ маълумот бермади.
Жорий йилда АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми 190 миллиард долларга етган, савдо камомади эса 45,8 миллиард долларни ташкил қилган. Мақсад — икки давлат ўртасидаги айланмани 500 миллиард долларгача ошириш. Аммо, янги тарифлар бу режаларга жиддий таъсир ўтказиши мумкин.
Июль ойи ўртасида Трамп Москва ва Киев ўртасида урушни тўхтатиш бўйича келишув бўлмаса, АҚШ Россия ва унинг ҳамкорларига янги тарифлар жорий этиш билан таҳдид қилганди. Кейинчалик у муддатни 10 кунгача қисқартирган, аммо бу чоралар Россияга таъсир қилиш-қилмаслиги ҳақида аниқ гап айтмаган.
Ҳиндистон энергетика вазири Хардип Сингҳ Пури эса, агар Россияга иккинчи даражали санкциялар жорий қилинса, мамлакат бошқа манбалардан нефть олиш имкониятига эга эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон бу борада етарли альтернативаларга эга ва эҳтиёжни бошқа давлатлар орқали қоплаш имконияти мавжуд.
Янги савдо тарифлари АҚШ—Ҳиндистон муносабатларида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Бу эса, халқаро иқтисодий муносабатларда янги мувозанат ва қарама-қаршиликларга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.