Қозоғистон сунъий ёмғир технологиясини ишга туширди

Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб сунъий ёмғир технологиясини амалиётга жорий қилди. 16 май куни Туркистон шаҳрида сунъий ёғингарчиликни ошириш лойиҳасини ишга тушириш маросими ўтказилди.
Қозоғистон сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур технология ёрдамида ёғингарчилик миқдорини табиий ҳолатга нисбатан 10–20 фоизгача кўпайтириш мумкин. Бунинг учун атмосферага таъсир қилувчи махсус усуллар қўлланади.
Лойиҳа сув танқислигини камайтириш, сув омборларини тўлдириш ва қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор суғориш имконини яхшилашга қаратилган. Расмийларга кўра, ташаббус 911 минг гектардан ортиқ экин майдонларида қурғоқчилик таъсирини камайтиришга хизмат қилади.
Тахминларга кўра, сунъий ёмғир лойиҳаси қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириб, Қозоғистон иқтисодиётига йилига ўртача 35 миллиард тенгегача қўшимча фойда келтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!