Қозоғистон ҳукумати катта қийматга эга мулк эгалари учун янги солиқ тартибини жорий этмоқда. Янги Солиқ кодексига кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб умумий қиймати 450 миллион тенгедан (тахминан 835 минг доллар) ортиқ бўлган кўчмас мулклар эгалари оширилган ставка бўйича тўлов амалга оширади. Бу ҳақда Миллий иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Азамат Амрин маълум қилди.
Амриннинг айтишича, эндиликда солиқ ҳисобланишида мулк сони эмас, балки унинг умумий қиймати ҳисобга олинади. “Ҳозир айрим фуқаролар 30 ёки 60 та уй-жойга эгалик қилади. Илгари ҳар бир объект учун алоҳида ҳисоб-китоб қилинган бўлса, янги тизимда умумий қиймат 450 миллион тенгеден ошганда оширилган ставка ишга тушади”, — деди у.
Масалан, агар бир шахснинг ҳар бири 10 миллион тенгелик 80 та квартираси бўлса, уларнинг умумий қиймати 800 миллион тенгени ташкил этади. Бундай ҳолда мулкдор йиллик солиқ сифатида умумий қийматнинг 1 фоизи — 8 миллион тенге тўлайди.
Шунингдек, Амриннинг таъкидлашича, қимматбаҳо транспорт воситалари, яхта ва самолётлар учун солиқ бошқача ҳисобланади. Агар автоуловнинг баҳоси 75 миллион тенгедан (140 минг доллар) юқори бўлса, унга қўшимча 10 фоизлик акциз солиғи қўлланади. Хусусий шахслар ўртасида сотилганда ҳам шу ставка амал қилади.
Бундан ташқари, алкогол ва тамаки маҳсулотлари учун оддий акциз солиғига яна 10 фоизлик қўшимча қўшилади. Бироқ мўйна буюмлари ва заргарлик маҳсулотларига ҳозирча солиқ қўлланмайди. “Биз рўйхатдаги энг асосий активлардан бошладик: уй-жойлар, машиналар, яхталар — уларнинг қийматини ҳисоблаш осон. Заргарлик буюмлари ва олтин каби мол-мулкларни назорат қилиш қийин”, — дея тушунтирди вазир ўринбосари.
Янги Солиқ кодексида алоҳида “ҳашамат солиғи” атамаси киритилмаган бўлса-да, амалда айрим қимматбаҳо мулклар учун оширилган солиқ ставкалари жорий этилмоқда. Бу ўзгариш орқали давлат солиқ юкини янада адолатли тақсимлашни кўзламоқда.
Миллий иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, тўғридан-тўғри солиқлар ўрнига ҳашаматли товарлар ва қиммат мулклар учун акциз асосидаги тизим жорий қилиниши режалаштирилган. Мақсад — солиқ солишни аниқ объектларга боғлаш ва ҳалол тўловчилар манфаатини ҳимоя қилиш.
“Ҳашамат солиғи” ғояси Қозоғистонда бир неча йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган эди. Энди эса бу тизим амалда ишга тушиши орқали давлат бюджетига қўшимча даромад келтириши ва иқтисодий адолатни таъминлаши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!