Икки маликага суиқасд режаси: Нидерландияда суд бошланди

Нидерландияда шов-шувли жиноят иши бўйича суд жараёнлари старт олди. Мамлакат тахти вориси Катерина-Амалия ҳамда унинг синглиси Алексияга суиқасд қилишни режалаштирганликда гумон қилинган шахс устидан иш кўрила бошланди.
Маълум қилинишича, 33 ёшли Гаагалик эркак 2026 йил февраль ойида ҳужумни режалаштирган. Айнан шу шаҳарда Виллем-Александрнинг саройи жойлашгани ҳам ҳолатга алоҳида жиддийлик бағишламоқда.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчидан икки дона болта топилган бўлиб, уларда турли ёзувлар, жумладан, маликаларнинг исмлари ва бошқа шубҳали сўзлар қайд этилган. Шунингдек, ундан чиққан қўлёзмада ҳам эҳтимолий “қирғин”га ишора қилувчи ёзувлар аниқланган.
Расмий манбалар гумонланувчининг шахсияти ва ҳаракатларининг аниқ сабаблари ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумот бермаяпти. Фақат унинг руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолари борлиги айтиб ўтилган. Адвокати эса иш бўйича қўшимча маълумотларни ошкор этмасликни маъқул кўрган.
Қайд этиш жоиз, Катерина-Амалия аввал ҳам таҳдидларга дуч келган. Масалан, 2020 йилда у ҳали 17 ёш бўлганида бир шахс томонидан жиддий таҳдидлар қилинган ва шу сабабли маълум муддат яширин ҳаёт кечиришга мажбур бўлган.
Шунингдек, 2023 йилда яна бир гумонланувчи ушбу маликага нисбатан таҳдидларда иштирок этганликда қўлга олинган. Бу ҳолатлардан кейин қирол оиласи хавфсизлик чораларини кескин кучайтирган.
Маълум бўлишича, хавфсизлик сабаблари туфайли малика оддий талабалар ҳаётини кечира олмаган, ҳатто бир муддат Мадрид шаҳрида яшаб таҳсил олишга мажбур бўлган.
Ҳозирда мазкур иш жамоатчилик диққат марказида бўлиб, суд қарори катта қизиқиш билан кутилмоқда.