date

Украина дронлари Приморск портига зарба бериб ёнғин чиқарди

Украина дронлари Приморск портига зарба бериб ёнғин чиқарди

Украина қуролли кучлари Россия ҳудудидаги стратегик нефт инфратузилмаларига қаратилган ҳужумларини давом эттирмоқда. Сўнгги кунларда Туапсе ва Перм йўналишларида кетма-кет амалга оширилган зарбалардан сўнг, бу гал Украина дронлари Балтикабўйи ҳудудида жойлашган муҳим порт — Приморсккача етиб борди. Мазкур порт Россиянинг энг йирик нефт қуйиш нуқталаридан бири ҳисобланади.

3 майга ўтар кечаси Ленинград вилояти кенг кўламли дрон ҳужумига дуч келди. Минтақа раҳбари Александр Дрозденко маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 60 дан ортиқ дронни йўқ қилган. Унинг таъкидлашича, ҳужумнинг асосий нишони айнан Приморск денгиз савдо порти бўлган.

Ҳужумларни бартараф этиш жараёнида порт ҳудудида ёнғин келиб чиққан. Расмий маълумотларга кўра, ёнғин оқибатлари қисман бартараф этилган, нефть маҳсулотларининг оқиб кетиши ҳолатлари қайд этилмаган. Бироқ халқаро FIRMS мониторинг хизмати маълумотларига кўра, порт ҳудудида ёнғин белгилари ҳали ҳам кузатилмоқда.

Маҳаллий «Astra» нашри эса ҳужум натижасида портдаги нефт қуювчи причал ва эҳтимол, «Панцир» туридаги ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуасига зарар етганини маълум қилди. Бу эса ҳужумнинг аниқ ва мақсадли амалга оширилганини кўрсатади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тунги ҳужум таъсири Санкт-Петербург шаҳрида ҳам сезилган. «Ротонда» ва «Фонтанка» нашрларига берилган маълумотларга кўра, шаҳарда кучли портлаш овозлари эшитилган, бу эҳтимол, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишлаши билан боғлиқ. Шунингдек, аҳоли мобил интернет ўчирилганидан шикоят қилган.

Ҳужум туфайли Пулково аэропорти фаолияти вақтинча тўхтатилди, натижада ўнлаб авиарейслар кечиктирилди ёки бекор қилинди. Бу эса ҳужумнинг нафақат ҳарбий, балки фуқаролик инфратузилмасига ҳам таъсир кўрсатганини англатади.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўша тун давомида мамлакатнинг 15 та ҳудуди ва аннексия қилинган Қрим осмонида жами 334 та дрон уриб туширилган. Москва вилоятида дрон ҳужуми оқибатида 77 ёшли фуқаро ҳалок бўлган, Смоленск вилоятида эса уч нафар киши жароҳат олган.

Маълум қилинишича, Украина март ойи охиридан бошлаб Россиянинг Балтикабўйи ҳудудидаги асосий нефть экспорт портлари — Уст-Луга ва Приморскка ҳужумларни кучайтирган. Бу портлар Россия ғарбида нефть экспорти учун стратегик аҳамиятга эга.

Приморск порти кунига бир миллион баррелдан ортиқ нефть юклаш қувватига эга бўлиб, Россиянинг Urals маркасидаги нефтини экспорт қилишда муҳим роль ўйнайди. 2025 йилда ушбу порт орқали қарийб 64 миллион тонна юк айланмаси амалга оширилган.

Ҳужумлар фонида Уст-Луга ва Приморск портлари фаолияти вақтинча тўхтатилгани маълум қилинди. Ленинград вилояти раҳбари эса минтақа амалда фронтга яқин ҳудудга айланиб бораётганини таъкидлади.

Ушбу воқеалар минтақадаги геосиёсий вазият янада кескинлашаётганини ва энергетик инфратузилмалар ҳужумлар марказида қолишда давом этаётганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Украина дронлари Приморск портига зарба бериб ёнғин чиқарди