date

Ғазода тунлари болаларга каламушлар ҳужум қилмоқда

Ғазода тунлари болаларга каламушлар ҳужум қилмоқда

Ғазо ҳудудидаги гуманитар вазият янада оғирлашмоқда. Reuters тарқатган маълумотларга кўра, чодир лагерларда яшашга мажбур бўлган фаластинликлар янги муаммога — каламуш ва бошқа кемирувчилар ҳужумига дуч келмоқда.

Маълум қилинишича, тунги пайтларда каламушлар айниқса болаларга ҳужум қилиб, уларнинг қўл-оёқларини тишламоқда. Бу эса ота-оналарни жиддий хавотирга солган.

Одамлар ночор аҳволда

Ғазода 2 миллиондан ортиқ аҳоли қуролли можаролар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда улар вайрона бинолар ёки вақтинчалик чодирларда яшамоқда.

Хон Юнусдаги лагерда истиқомат қилувчи Амани Абу Селми тўйи арафасида каламушлар унинг кийимлари ва маросим буюмларини яроқсиз ҳолга келтирганини айтди.

“Қувончли куним қайғуга айланди. Барча тайёргарликларим йўққа чиқди”, дейди у.

Болалар энг кўп жабр кўрмоқда

Лагерда яшовчи Ҳалил ал-Машҳаравийнинг сўзларига кўра, каламуш унинг 3 ёшли фарзандини тишлаб олган. У ҳатто ўзи ҳам кемирувчилар ҳужумига учраганини айтган.

“Тунда ухлашга қўрқамиз. Бироз кўз юмсак, улар болаларга ташланади”, дейди у.

Ғазо шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро эса каламушлар нафақат одамларга, балки озиқ-овқат ва кийим-кечакларга ҳам зарар етказаётганини таъкидлади.

Касалликлар хавфи ортиб бормоқда

Ал-Шифа шифохонаси раҳбари Муҳаммад Абу Селмиянинг билдиришича, кемирувчилар туфайли касалликлар тарқалиши хавфи юқори.

Хусусан, каламуш тишлаши орқали:

  • иситма,
  • Лептоспироз,
  • ҳатто ўлат каби оғир инфекциялар пайдо бўлиши мумкин.

Муаммо янада кучайиши мумкин

Мутахассислар фикрича, ёз фасли яқинлашаётгани ва санитария воситалари етишмаслиги вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Айрим чекловлар сабаб зараркунандаларга қарши курашиш имкониятлари ҳам чекланган.

Шу билан бирга, COGAT маълум қилишича, сўнгги ҳафталарда ҳудудга муайян миқдорда зараркунандаларга қарши воситалар ва қопқонлар киритилишига рухсат берилган.

Бироқ маҳаллий аҳоли таъкидлашича, бу чоралар ҳозирча вазиятни тубдан яхшилаш учун етарли эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ғазода тунлари болаларга каламушлар ҳужум қилмоқда