Хитойда қариш жараёни тезлашмоқда

Хитойда аҳолининг қариши тобора кучайиб бормоқда. Мутахассислар прогнозига кўра, яқин ўн йил ичида 60 ёшдан ошганлар сони 400 миллиондан ортиши мумкин, деб хабар беради Синьхуа.
Маълумотларга кўра, 2025 йил охирига бориб, мамлакатда 60 ёшдан юқори фуқаролар 320 миллиондан ошиб, умумий аҳолининг қарийб 23 фоизини ташкил этади. Шу сабабли расмийлар бу муаммони юмшатиш учун янги чора-тадбирларни жорий этмоқда.
Хусусан, 2030 йилгача шаҳар ва қишлоқларнинг камида 70 фоизини қарияларга хизмат кўрсатувчи муассасалар билан қамраб олиш режалаштирилган. Шунингдек, ёлғиз ва ёрдамга муҳтож кексаларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири сифатида ўтган аср охирида жорий қилинган “битта бола сиёсати”ни кўрсатмоқда. Бу чеклов туғилиш даражасининг кескин пасайишига олиб келган.
Гарчи кейинчалик ҳукумат фарзандлар сонига оид чекловларни юмшатган бўлса-да, туғилиш кўрсаткичлари кутилган даражада ошмади. Натижада, сўнгги йилда Хитой аҳолиси 3,39 миллион кишига камайиб, 1,404 миллиардни ташкил этди.
Бу ҳолат мамлакат олдида янги демографик ва иқтисодий чақириқларни юзага келтирмоқда.