
Украина президенти Володимир Зеленский яқин кунларда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашишни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Россия билан урушни тугатиш бўйича муҳим масалалар Янги йилга қадар ҳал этилиши мумкин.
Зеленский нозик масалалар, жумладан ҳудуд билан боғлиқ эҳтимолий келишувлар фақат давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилиниши кераклигини таъкидлади. Шу сабабли Украина томони АҚШ президенти билан юзма-юз учрашувга алоҳида аҳамият бермоқда.
Украина раҳбари пайшанба куни АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан музокаралар ўтказганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, урушни якунлаш ва Украинани тиклашга қаратилган ҳужжатларнинг бир қисми деярли тайёр, айримлари эса тўлиқ ишлаб чиқилган.
Аввалроқ Зеленский 20 банддан иборат тинчлик режасини тақдим этган эди. Ушбу режада Украинага хавфсизлик кафолатлари берилиши кўзда тутилган, бироқ ҳудуд масаласида муроса мавжуд эмас. Шунингдек, босиб олинган Запорижия атом электр станцияси устидан назорат масаласи ҳам муҳокамада қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.