Бьорк Гренландияни қўллаб-қувватлади ва Данияни колониализмда айблади

Исландиялик хонанда Бьорк Facebook’даги постида Гренландиянинг Даниядан мустақил бўлиш истагини қўллаб-қувватлади. У гренландияликларга мустақиллик йўлидаги курашда омад тилаб, Исландия 1944 йилда данияликлар бошқарувидан чиқиб кетганини енгиллик билан эслашини таъкидлади. Бьоркнинг ёзишича, ўшанда Исландия ўз тилини сақлаб қолган — акс ҳолда унинг фарзандлари ҳозир дания тилида гаплашиши мумкин эди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Хонанда Гренландияда маҳаллий аҳоли ҳануз камситилиш ҳолатларига дуч келаётганини, Дания ҳукуматининг муносабати эса адолатсизлигича қолаётганини билдирди. The Guardian’га таянган ҳолда у 1960–1970-йилларда айримлари атиги 12 ёш бўлган гренланд қизларига уларнинг хабариcиз бачадон ички спирал қўйилгани ҳақида эслатди. Бьорк, шунингдек, бугун ҳам маҳаллий аҳолининг болалари давлат органлари томонидан оиласидан олиб қўйилиши давом этаётганини қайд этди.
Бьорк колониализм мавзуси унда кучли қўрқув ва нафрат уйғотишини айтиб, гренландияликлар “бир золим мустамлакачидан бошқасига” ўтиб қолиши эҳтимолини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшатли эканини ёзди.
Бу баёнот Гренландия келажаги атрофидаги мунозаралар кескинлашган бир пайтда янгради: бунга АҚШнинг орол устидан назорат ўрнатишга қаратилган уринишлари ҳам сабаб бўлмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!