Россия, Украина ва АҚШ БААда учрашади: музокаралар техник даражада ўтади

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида ўтган кескин учрашувлар ортидан Украина, Россия ва АҚШ иштирокига уч томонлама музокаралар тайёрланаётгани маълум бўлди. Учрашувлар 23–24 январ кунлари Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
22 январ куни Давосда АҚШ ва Украина президентлари Дональд Трамп ҳамда Владимир Зеленский қарийб бир соат музокара ўтказди. Учрашув якунида Трамп суҳбатни қисқача “яхши ўтди” дея баҳолаб, “ҳамма уруш тугашини хоҳлайди” деди ва Швейцариядан жўнаб кетди.
Бироқ Ғарб матбуоти бу мулоқотни эҳтиёткорроқ талқин қилмоқда. Financial Times ёзишича, Зеленский хавфсизлик кафолатлари ва урушдан кейинги тикланиш бўйича аниқ мажбуриятларни расмийлаштира олмаган. Трамп маъмурияти билан олдиндан келишилган ҳужжатлар ҳам имзоланмай қолган.
Америкалик ҳамкасби билан учрашувдан сўнг Зеленский форумда кескин чиқиш қилиб, Европа етакчиларини ички келишмовчиликлар сабаб қатъиятсизликда айблади. Унга кўра, сўнгги бир йилда вазият деярли ўзгармаган, Европа эса ўзини ҳимоя қилиш учун ҳануз етарли сиёсий иродани намоён эта олмаяпти. Зеленский Европани “глобал куч”га айланиш ўрнига “гўзал, аммо бўлинган” давлатлар мажмуаси бўлиб қолаётганини таъкидлади.
У, шунингдек, Трамп илгари сурган янги “тинчлик кенгаши” ташаббусини ҳам танқид қилиб, Европа бу борада ягона позиция ишлаб чиқмаганини айтди. Зеленский фикрича, кенгашда манфаатлари кескин фарқланувчи мамлакатлар бор, фронтда эса ҳатто ўт очишни тўхтатиш режими ҳам йўқ.
Зеленский европаликларни янада кескин қадамлар ташлашга чақирди: “соя флоти” орқали ташилаётган Россия нефтини тўхтатиш ва мусодара қилиш. Шунингдек, у Эрондаги вазиятни фожеали дея атаб, халқнинг режимга қарши курашида халқаро ҳамжамият етарлича ёрдам бераётмаганига эътибор қаратди.
Жараённинг навбатдаги босқичи сифатида БААда ўтадиган учрашувлар Зеленский томонидан “техник даражадаги” мулоқот деб аталди. Кутилишича, уч давлат делегациялари икки кун давомида эҳтимолий муроса тафсилотларини муҳокама қилади.
Шу билан бирга, ушбу босқичдан аввал АҚШ вакилларининг Россия президенти Владимир Путин билан тўғридан-тўғри музокаралари 22 январ кечқурун режалаштирилгани билдирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!