Арбелоа танлови: нега Трент Карвахалдан устун келди?

Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа жамоа таркибидаги муҳим қарорларидан бири — ўнг қанот ҳимоясида нега тажрибали сардор Даниэль Карвахаль эмас, балки Трент Александер-Арнольдга ишонч билдирилаётганини батафсил изоҳлаб берди.
Аввалроқ Карвахаль ўз норозилигини очиқ билдириб, ўйин амалиёти камлиги сабаб келаси Жаҳон чемпионатида Испания миллий терма жамоаси таркибига кириш имконияти хавф остида қолаётганини таъкидлаган эди. Бу ҳолат мухлислар орасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Арбелоа эса бу масалага кескин ва аниқ позиция билан ёндашди. Унинг таъкидлашича, жамоада майдонга тушиш фақат ном ёки тажриба билан эмас, балки айни пайтдаги форма ва фойдали ўйин билан белгиланади.
— Трент ҳозир жуда юқори даражада ўйнамоқда ва у асосий таркибда майдонга тушишга тўлиқ муносиб. Унинг салоҳияти ва ўйини шубҳа туғдирмайди. Мен учун ҳар бир баҳс ҳал қилувчи аҳамиятга эга — бу ерда экспериментлар ёки кимгадир “дақиқа бериш” деган тушунча йўқ. Қайси футболчини танласам, демак унга ишонаман ва у жамоага ғалаба келтиради, — деди испаниялик мутахассис.
Статистика ҳам бу қарор маълум маънода мантиқий эканини кўрсатмоқда. Жорий мавсумда Трент Александер-Арнольд “қироллик клуби” сафида 25 та ўйинда қатнашиб, 5 та голли узатма билан жамоа ҳужумларига сезиларли ҳисса қўшган. Карвахаль эса 20 та баҳсда иштирок этган бўлса-да, умумий ўйин вақти 885 дақиқани ташкил этди — бу унинг асосий таркибдаги ўрни барқарор эмаслигини кўрсатади.
Шуниси аниқки, “Реал”да рақобат максимал даражада. Арбелоа учун исм эмас, форма ҳал қилувчи омил. Карвахаль учун эса ҳозирги вазият — сигнал: агар у яна асосий таркибга қайтмоқчи бўлса, ўйинини янги босқичга олиб чиқиши шарт.
Футболда битта қоида бор: сен формада бўлсанг — ўйнайсан. Қолгани эса аллақачон тарих.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!