Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги Абу-Даби музокаралари якунланди

4–5 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида Россия, Украина ва АҚШ делегациялари иштирокида уч томонлама музокараларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Учрашувлар ёпиқ форматда ўтказилди ва муҳокамалар асосан урушни тўхтатишга олиб бориши мумкин бўлган механизмлар ҳамда кейинги қадамлар атрофида айланди.
Томонларнинг таркиби ҳам эътиборли бўлди. АҚШ делегациясида президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл иштирок этди. Украина делегациясига МХМК котиби Рустем Умеров раҳбарлик қилди. Россия томонидан эса делегацияга РФ қуролли кучлари бош штаби бош бошқармаси раҳбари, адмирал Игор Костюков бошчилик қилди.
Энг муҳим жиҳат — музокаралар якунлари бўйича ҳар бир томон ўз баёнотини берди ва улардан умумий манзара аста-секин шаклланяпти: келишувга яқинлашиш бор, лекин ҳал қилувчи масалалар ҳали ҳам қаттиқ баҳсли.
АҚШ нима деди?
Президентнинг махсус вакили Стивен Уиткоффнинг қисқа, аммо мазмунли баёнотига кўра, делегациялар очиқ қолган масалаларни кўтарган. Улар орасида оташкесим ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни назорат қилиш имконини берадиган мониторинг усуллари ҳам бор.
Энг катта сигналлардан бири — музокаралар яқин ҳафталарда ҳам давом этиши айтилди. Қолаверса, Россия ва Украина беш ой ичида илк марта ҳарбий асирлар алмашувини ўтказиш бўйича келишиб олгани қайд этилди: 157 нафарга 157 нафар форматида.
Уиткофф баёнотида яна бир муҳим нуқта бор: АҚШ Россия ҳарбийлари билан узилиб қолган юқори даражадаги алоқаларни қайта тиклаш масаласини ҳам келишув сифатида тилга олди. Бу эса кейинги босқичларда мулоқот “каналлари” очиқроқ бўлиши мумкинлигини англатади.
Украина позицияси қандай?
Президент Володимир Зеленский эса Украина музокарачилар гуруҳи икки кун давомида АҚШ ва Россия билан гаплашганини айтди. У тўлиқ ҳисоботни кутаётганини, телефон орқали барчасини муҳокама қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, Зеленский яқин кунларда навбатдаги учрашувлар бўлиши режалаштирилаётганини айтди ва улар Америкада ўтиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.
Украина баёнотида асосий урғу бир нарсага қаратилди: тинчлик шундай якунланиши керакки, Россия тажовузи учун “мукофотланмасин”. Киев буни ҳақиқий хавфсизликни таъминлайдиган асосий тамойил сифатида кўряпти. Яъни тинчлик фақат тўхташ эмас, кейинги хавфларни йўқотадиган ечим бўлиши шарт, деган фикр илгари сурилди.
Россия расмий фикри
Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев баёнотида эса бошқа ракурс кўринди. У Европадаги ва Буюк Британиядаги “уруш қўзғатувчилар” музокараларга халақит қилишга, жараёнга аралашишга уринаётганини таъкидлади.
Дмитриевнинг фикрича, бундай уринишлар қанча кўпайса, музокараларда шунча кўп ижобий ҳаракат ва тараққиёт борлигини “кўрсатади”. Шу билан бирга, у иқтисодий йўналишда Россия ва АҚШ ўртасида муносабатларни тиклаш бўйича фаол ишлар кетяпти, дея урғу берди.
Россия норасмий манбалари нима дейди?
ТАСС давлат агентлиги ва унинг манбалари эса муҳокама қилинган мавзуларни кенгроқ очиб берди: иқтисодий жиҳатлар, ҳудудий масала, ўт очишни тўхтатиш механизми.
Манбаларга кўра, Россия Донбасс масаласини асосий келишувнинг бир қисми сифатида кўраяпти ва барча давлатлар уни Россияники деб эълон қилиши кераклиги ҳақидаги позиция тилга олинган.
Шунингдек, “тинчликпарвар кучлар” варианти ҳамма учун бирдай қабул қилинаётгани йўқлиги айтилди. Унга муқобил тарзда Украина учун хавфсизлик кафолати сифатида кўп миллатли кучларнинг тезкор реакция механизми тилга олинган.
Норасмий қисмда яна бир нуктаси бор: Европа бир неча бор жараёнга қўшилишга ҳаракат қилгани, аммо ҳозир музокаралар столида йўқлиги қайд этилган.
Энг муҳими нима?
Абу-Дабидаги учрашувлардан кейин битта нарса аниқроқ кўринди: томонлар мулоқотни узиш ниятида эмас, ҳатто амалий қадам сифатида асирлар алмашуви бўйича келишув ҳам тилга олинди. Лекин барибир “катта тугун” — ҳудуд, хавфсизлик кафолатлари ва ўт очишни тўхтатишнинг реал ишлайдиган механизми — ҳал бўладиган нуқтада турибди.
Ҳозирча музокаралар “йўл харитаси”га ўхшаб бораяпти: ҳар ким ўз қизил чизиғини сақлаяпти, бироқ эшикни ёпмаяпти. Демак, кейинги учрашувлар ҳақиқатан ҳам “қарорлар босқичи”га айланадими ёки яна узоқ тортишувлар давом этадими — шу савол эндиликда ҳаммани қизиқтиряпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!