14:22 / 26.01.2018
6 655

Владивостокдаги фарғоналик йигит: «Қайтгим келяпти. Лекин Ўзбекистонда бунча пул топишим қийин» (видео)

Владивостокдаги фарғоналик йигит: «Қайтгим келяпти. Лекин Ўзбекистонда бунча пул топишим қийин» (видео)
«Дарё» интернет-нашри «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ватандошларнинг фикрларини эълон қилиб боради. Эълон қилинаётган бу фикрларда меҳнат муҳожирлари учун шарт-шароитлар яратиш йўлида бугун бошланган ишлар, ўзгаришлар учун таклиф ўлароқ жаранглаган изоҳлар ҳам йўқ эмас.

Эълон қилинаётган биринчи монолог — Россиянинг Владивосток шаҳрида меҳнат қилаётган фарғоналик йигитнинг фикрлари (уни «Дарё» муҳаррири Дилшод Шарипов ёзиб олди). Унинг илтимосига кўра, исми-шарифи ва унинг шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилмади, матн жузъий таҳрирларга учради.

Ўзим Фарғонаданман, ёшим 22 да. Лицейни битириб, кейин ўқимадим. Ҳозирча оила қурмаганман.

Пул топиш мақсадида Россиянинг Владивосток шаҳрига келганимга қарийб бир йил бўлди. Қариндошимнинг ёнида қоровул бўлиб ишлаш учун бир ўзим келдим. Владивосток Узоқ Шарқда жойлашган, поездда 10 кунлик йўл. Бу ерга етиб келгунча чипталар, еб-ичиш ва ҳоказоларга 400 доллар атрофида пул сарфладим.

Йўл давомида асосан Ўзбекистон поездларида муаммолар бўлди. Биринчи муаммо мажбурий йўл суғуртасидан чиқди. Ўзимизнинг миллий поездимизда ўзимиздан чиққан инсонлар — проводникларимиз йўлнинг бошида қозоқларга «омонпули» деб 1000 рублдан пул йиғиб олди. Қозоғистондан чиқишда ҳам шундай бўлди. Суғурта қаерда қолди? Аслида нимани суғурта қилдик, ҳайронман. Хуллас, гапирсам муаммо кўп, катта мақола бўлади.

Дастлаб келган вақтимда жуда қийналдим, бунинг устига тил бўйича муаммолар бор эди. Аммо ҳозир бу ердаги бошқа ўзбекларга қараганда рус тилини анча яхши ўзлаштирдим.

Ишни қоровулликдан бошладим, ҳозир эшик-ром ясайдиган цехнинг иситгичи учун ўтин ёраман. Бахтимга, бошлиғим жуда яхши инсон, ишхонада дўстона кайфият ҳукмрон. Ойлигим 500 доллар. 8 соатлик қатъий иш вақти белгиланган, хоҳишингизга қараб кўпроқ ишлашингиз мумкин. Бу ишга янги келдим, ишни энди ўрганяпман. Иш жуда оғир, аммо бу ишимда ётоқ, ейиш-ичишдан муаммо йўқ. Кийим-бош беришмади, аммо шу кунларда беришмоқчи шекилли. Тезроқ олишим керак. Кундузи -30 даража, кечаси -40 даражагача совуқ бўлади. Ташқарида ўтин ёришим керак — бундай совуқда осон эмас.

Бу ерда ноқонуний ишлаяпман, чунки ҳужжатларни тўғрилаш харажатлари ва бир йиллик тўловларни ҳисобласа, ўртача 110 минг рубль (тахминан 2 минг доллар) бўлади. Шунча пулим бўлганида, Ўзбекистоннинг ўзида ўқишга кирган ёки армияга кетган бўлардим.

Оила аъзоларим ёнимда йўқ, лекин бутун Ўзбекистон ва Ўрта Осиё мамлакатларидан келган ўзбеклар кўп. Приморье ўлкасида 100 минг атрофида ўзбек бор. Мен ўзим шу ердаги 100 тача ўзбекистонлик билан танишман. Улар асосан хизмат кўрсатиш ва қурилишда меҳнат қилади. Негадир бу ерларда рус, корейс ва ўзбеклардан бошқа миллат вакилларини кўрмадим.

Бу ерда пайвандчилар, ҳайдовчилар (Б, C, Д), бензоаррачилар, ўт ўрувчи аппаратларни тушунадиганлар, ошпазларга эҳтиёж бор. Рус тилини қанча яхши билса, шунча яхши. Ҳозир Ўзбекистонлик ишчилар Владивостокка ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керак. Чунки халқаро санкциялар туфайли бизнинг ҳудудда минглаб КХДР фуқаролари ишлаш ҳуқуқидан айрилди. Уларга ачинаман.

10 километр нарида Корея Халқ Демократик Республикаси чегараси жойлашган. Приморьеда бир неча юз минг КХДР фуқаролари бор. Санкциялардан сўнг, уларнинг 15 фоизи қайтиб кетди, дейишяпти. Кўп жойларда шимолий кореяликлар очган корхоналар, ташкилотлар ҳам тугатиляпти. Ишхонамиз бошлиғи асли олмаоталик корейс — жаноб Ким. Жаноб Кимнинг «тепа»да танишлари кўп, шу сабаб ишхонамиздаги корейсларни олиб қолди.

Менинг Россияга сафарим муаммолари поезддан бошланганди. Россиядаги элчихона ва консуллик ходимлари умуман ишламайди, деса ҳам бўлади. Икки ой кўчаларда қолиб кетдим, минг марта қўнғироқ қилдим. Фақат бир марта қайтиб телефон қилишди ва русчада: «Владивостокка ёрдам беролмаймиз, билганингизни қилинг», — деб жавоб беришди.

Ҳозирча Россиядан қайта олмайман. Ўзбекистонда қолган оиламнинг ёлғиз боқувчисиман. Аслида жуда кетгим келяпти. Ўзбекистонда бу ердаги каби маош олишим жуда қийин, бунинг устига институтда ўқимаганман.

Менимча, Ўзбекистонда, кўп ҳолларда, бирор жойга ишга киришинг учун ё пора беришинг керак, ёки таниш-билишинг бўлиши керак. Бундай иллатларга маошнинг камлиги сабаб. Меҳнатдан қочмайман, агар Ўзбекистонда шароит қилиб беришса, Россияда ишлаётган пулимнинг 10 тасини топа оламан.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Владивостокдаги фарғоналик йигит: «Қайтгим келяпти. Лекин Ўзбекистонда бунча пул топишим қийин» (видео)