11 629
Новосибирскдаги шаҳрихонлик йигит: «Аввалига уйланиш учун Россияда ишладим. Энди оиламни боқиш учун Россиядаман» (видео)
«Дарё» интернет-нашри «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ватандошларнинг фикрларини эълон қилиб боради. Эълон қилинаётган бу фикрларда меҳнат муҳожирлари учун шарт-шароитлар яратиш йўлида бугун бошланган ишлар, ўзгаришлар учун таклиф ўлароқ жаранглаган изоҳлар ҳам йўқ эмас.
Эълон қилинаётган иккинчи монолог — Россиянинг Новосибирск шаҳрида меҳнат қилаётган шаҳрихонлик йигитнинг фикрлари (уни «Дарё» муҳаррири Дилшод Шарипов ёзиб олди). Унинг илтимосига кўра, исми-шарифи ва унинг шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилмади, матн жузъий таҳрирларга учради.
Шаҳрихонданман, ёшим 30 да. Коллежни радиотехника йўналиши бўйича тугатганман, институтда ўқишга имконим бўлмади. Россияга биринчи марта 2007 йили, қариндошларим билан бирга келганман. Бошида тил бўйича муаммоларим бор эди. Бу ерда кўп жойларда, ҳар хил шароитларда ишладим. Масалан, Москвада йўл қурилишда ишлаганман — у ерда шарт-шароит шунчаки «ноль» эди.
Икки ойдан бери Новосибирскдаман. Хонадонда ишлайман. Иш берувчининг иккита экскаватори бор, шунда ишлаймиз. Хонадон эгаси экскаватор ҳайдашим учун мени ўз ҳисобидан ўқитмоқчи. Ўзим эса патент олиш ҳаракатидаман. Бу ерда ойига 400—500 доллар ишлаб топяпман. Иш берувчим ўз хонадонидан уч хона ажратиб берган. Шароит Шаҳрихондаги уйимдан яхши — электр, газ бор.
Саккиз йил олдин Москвадан Ўзбекистонга автобусда қайтганман. Автобусда беш сутка юрганмиз. Шу беш кун ичида фақат уч соат ўриндиқда ўтириш насиб этган. Чап елкам автобус ойнасига теккани ҳолда уч соат ухлаб қолибман. Шугина уч соат ичида елкам ва қўлим музлаб бўлган. «Музлагунча билмаганмисан?», дейишингиз мумкин. Лекин уч кун ухламаган одам ўликдек қотиб қолар экан-да. Совуқ тушса, елкам ўша кунларни эслатади. Ҳозир фақат самолётда учяпман, жонимнинг қадрига етмоқчиман. Охирги сафар 1 миллион 600 минг сўмга авиачипта олдим.
Худога шукур, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихона ва консулликларига ишим тушмаган. Лекин олти йил олдин шеригим паспортини йўқотиб қўйганида, у билан бирга Москвадаги консуллик идорасига борганман. Шеригимнинг иши ҳал бўлган, аммо у ердагиларнинг ўз ватандошларига муомаласидан консулликка борганимга тавба қилганман ва шундан кейин уларнинг борлигини ҳис қилмай қўйганман. Кўчада гадой ялиниб садақа сўрайди, унга бир паст назар билан пул узатасиз — консулликда биз ҳам ўша лўлининг аҳволига тушганмиз, фарқимиз — лўли бу ялингани учун пул олади, биз эса пул ҳам берганмиз.
Россияда ўзбеклар тўлиб тошиб ётибди, ҳамма ишда ишлашади. Мана, куни кеча — кўчага чиққандим, ташқарида минус 35 даража совуқ. Шу совуқда ўзбеклар ишлаяпти. Ачиндим. Жуда ҳам ачиндим. Биз топаётган пуллар йўқотган соғлиғимизга арзийдими, деб ачиндим. Бу аҳволда ишласак, 15—20 йилдан кейин нима бўлади? Ўзбекистон фақат ногиронлар ё азадорлар мамлакати бўлиб қолмайдими?
Ҳозир кўпчилик пул топмаса ҳам Россияга келяпти. Оддий мисол — 52 киши ёниб кетди. Бир кузатинг-чи, одамлар Қозоғистон орқали ўтадиган автобусларга чиқмай қўйдимикин, Россияга бормай қўйдимикин? Сабаби, бу ерда сал бўлса-да шароит — газ ва электр бор, қорин эса тўйса бўлди. Ўзингиз ўйланг, уйингизда оддий шароит етарли бўлса, четда юрармидингиз?! Ота-она, бола-чақа, маҳалла-кўйдан узоқда юриш кимга ҳам ёқади?! Бу ерда топаётган даромадимнинг ҳеч бўлмаса учдан иккисини Ўзбекистонда тополганимда, Россияга келиб ҳам ўтирмасдим. Менимча, бу ердаги пулимни Ўзбекистонда топиш учун кунига 25 соат ишлаш керак.
Бу ерга декабрнинг бошида келган бўлсам, шундан бери Ўзбекистон билан боғлиқ янгиликларни кузатаман. Кунда бўлмаса ҳам, кунора Россиянинг у ёки бу жойида ўзбеклар вафот этгани ҳақида ўқийман. Савол туғилади — ўзбеклар нима учун яшаяпти? Итдек ўлиш ёки ўлиги узоқ бир маконда ҳор бўлиши учунми? Сизу биз билмаган яна қанча ўлганлар бор. Хўп, ажали етган, дейишингиз мумкин, майли, розиман, аммо тирик қолганлар-чи? Улар бу ерларда масхара бўлиб, руҳан эзилиб, қандай аҳволга тушяпти?
Кузатсангиз, одамларнинг ҳаётдан умиди қолмаяпти. Яна бир масала — руҳан эзилган ёки туғилганига пушаймон одам қандай қилиб фарзанд тарбиялайди? Масалан, мен — ўзим шунчаки яшашимдан маъно истадим, лекин маъно топмадим. Уйланиш учун Россияга келдим. Худога шукур, пул топиб уйландим, фарзандли ҳам бўлдим. Энди уларни боқиш учун яна Россияга келдим. Баъзида ўйлайман — барибир улар билан бирга яшамас эканман, нега уйландим? Нима учун фарзандли бўлдим? Тўғри, 10—15 йилдан кейин, кучдан қолиб, ногирон бўлиб қолганимда улар менга қарайди. Лекин қандай — яхши қарайдими ё ёмон — бунисини билмадим. Ҳар ҳолда, фарзандларим менга яхши қараши учун уларга яхши тарбия беришим керак. Лекин мен ўзим узоқда бўлсам, қандай қилиб тарбия бераман? “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди