date
views 4 735

Хитойда Ислом маданияти босим остида

Хитойда Ислом маданияти босим остида
Нинся мухтор тумани хитойлик хуэй мусулмонларнинг ватани ҳисобланади. Туманнинг маъмурий маркази Иньчуанда Наньгуань катта масжиди жойлашган. Масжидни исломий нақшлар ва ҳар бирига кумуш ҳилол ўрнатилган учта яшил қубба безаб турибди. 1981 йилда, хитойча услубдаги эски масжиднинг ўрнида барпо этилган мазкур ибодатхона Яқин Шарқ услубида қурилган илк масжидлардан бири ҳисобланади. Эски масжид маданий инқилоб даврида бузиб юборилган эди. 1966-1976 йилларда давом этган инқилоб Хитой бўйлаб минглаб ибодатхоналар, черковлар, масжидлар ва монастирларнинг вайронага айланишига сабаб бўлди.

Наньгуань катта масжидига ҳусн бағишлаб турган чиройли гумбазлар, мураккаб нақшлар ва арабий ёзувлар Шимоли-шарқий Нинся-Хуэй мухтор тумани (Нинся)да бошланган “исломийлашув ва арабийлашувга қарши” ҳукумат кампаниясининг нишонига айланиши мумкин.

Нинся кўчалари бўйлаб исломий безак элементлари ва арабий ёзувлар олиб ташланяпти. Булар бу ерда атиги ўн йил муқаддам, ҳукумат сайёҳларни жалб этиш мақсадида хуэй халқининг исломий маданиятини кўз-кўз қилишга қарор қилганида пайдо бўлган эди. Энди эса Инчуаньдан Хуанхэ дарёси текисликлари бўйлаб чанг кўчалардан жануб томонга ҳаракатлансангиз, йўл четида бозорлар ва меҳмонхоналар томларидан кўчириб олинган яшил, тилларанг ва оқ қуббаларни кўришингиз мумкин.

Ҳукумат янги масжидларни арабча услубда қуришни тақиқлади, олдин қурилган масжидларнинг кўриниши эса хитой ибодатхоналарига ўхшаш бўлишини талаб қилмоқда.

“Ҳаммаси ўтган йилнинг охирида бошланди... Шу туфайли ҳамма хавотирда”, – дейди Нангуань масжидида ишлайдиган аёл. Бир неча ой аввал унинг уйидаги қубба ҳам кўчириб олинган.

Ортаётган хавотир

Нинсяда исломий меъморчилик элементларини йўқ қилиш бўйича кампания авжига чиқаётган бир паллада ўнлаб йиллардан бери тинч-тотув ибодат қилиб келаётган хуэй жамоаси орасида хавотир кучаймоқда. Хитойда 10 миллиондан зиёд хуэйлар яшайди, уларинг келиб чиқиши “Буюк ипак йўли” орқали Марказий Осиёдан келган савдогарлар ва арабларга боғлиқ. Уларнинг аксари мандарин тилида сўзлашади, оқ дўпписи ва рўмолларини ҳисобга олмаса, ханларга ўхшаб кетади. Уйғурларга қарши қатағон кучайиб бораётган бир паллада Нинсядаги хуэйлар ҳам ҳукуматнинг антиисломий кампанияси нишонига айланди.

Яқинда Иньчуанда шовқин баҳонасида азон тақиқлаб қўйилди. Энди Наньгуань масжидида азон ўрнига тревога сигнали янграяпти. Сувенирлар сотиладиган дўконлардан нафақат исломий китоблар, ҳатто Қуръон ҳам ғойиб бўлди. Айрим масжидларга араб тили курсларини бекор қилишга кўрсатма берилди, бир қатор хусусий араб тили мактаблари эса умуман ёпиб қўйилди.

Нинся марказида жойлаган Тунсин шаҳри Мин сулоласи даврида (1368-1644 йиллар) хитойча услубда қурилган ҳашаматли масжиди билан ном чиқарган. Бу ерда партия аъзоларига масжидга ва ҳажга бориш тақиқлаб қўйилди. Бу тақиқ ҳатто улар лавозимдан кетганидан кейин ҳам амал қилади. Бундан ташқари, давлат хизматчилариинг ишда оқ дўппи кийиб юриши ҳам мумкин эмас.

“Динни хитойлаштириш”

Буларнинг бари 2015 йилда президент Си Цзиньпин бошлаган ва “динни хитойлаштириш” деб аталувчи сиёсатнинг бир қисмидир. Мазкур сиёсат динларни хитой маданиятига ва партиянинг талабларига мослаштиришни кўзда тутади. Хитойда расман тан олинган беш диндан фақатгина даосизм маҳаллий дин ҳисобланади. Буддизм Ҳиндистонда пайдо бўлган бўлса-да, Хитой динига айланди ва хань маданияти билан қўшилиб кетди.

Бирок коммунистик партия бошқа динлар – Ислом, протенстантлик ва католик мазҳабига ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиб, уларни ташқи таъсирлар ёки этник сепаратизм билан боғлайди.

Бундай ёндашув мусулмонлар учун Исломга “хитойчароқ усулда” эътиқод қилиш кераклигини англатади.

Нинсядаги имомлар ва ҳукумат доираларига яқин қишиларнинг айтишича, эндиликда масжидларни арабча услубда, катта гумбазли қилиб қуриш мумкин эмас. Иньчуан ғарбидаги масжид ҳам ана шу тақиққа учради. Анаъанавий хитойча дарвозаси ва яшил қуббалари бўлган мазкур масжид йўл кенгайтирилиши муносабати билан бузилади. Янгисини қуриш учун эса яқин атрофдан жой ажратилди. 37 700 долларга тушган дастлабки лойиҳада масжидни Яқин Шарқ услубида, гумбазли ва иккита минорали қилиб қуриш режалаштирилган эди. Бироқ ўтган йили буни Шаҳарсозлик бюрони рад этди ва энди масжидни хитойча услубда қуришга тўғри келади.

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда Ислом маданияти босим остида