
Тожикистонлик минглаб кишилар суффикси «-вич» ва «-ов» бўлган фамилияларга қайтмоқда, деб ёзади «Хабар» нашри.
«Қўмитамиз мутахассислари қатор туманлар – Ёвон, Спитамен, Истаравшан, Шаҳристон ва Матчода тадқиқотлар олиб боришди. Россиядан қайтган кўплаб меҳнат муҳожирлари фамилия ва отасининг исми бўйича муаммоларга дуч келганини айтишган. Шу боис улар яна русча фамилияларга қайтишни афзал билишмоқда», – дейди Тожикистон ҳукумати қошидаги Тил ва атамалар қўмитаси ходими Абдураҳим Зулфониён.
Бундай ҳолат пойтахт Душанбе шаҳрида ҳам кузатилган. Душанбе шаҳри Фирдавсий тумани ФҲДЁ бўлими мудири Саёҳат Дўстизоданинг хабар беришича, одамлар ўз фамилияларини русчага ўтказиш юзасидан мурожаат қилишаётган экан. Унинг фикрича, фамилиялар ўзгартирилса-да, барибир Россияда уларга осон бўлмайди.
«Лекин кўплаб тожикча фамилия: -и, -зод, -зода, -он, -ёнга эга кишилар Россия фуқаролигини олган», – дейди Саёҳат Дўстизода.
Синчиларнинг маълум қилишича, фамилияларни русчалаштириш полициядан қутулиш имконини берар экан. Чунки русча фамилияга эга бўлган фуқаролардан кўра кўпроқ тожикча фамилияга эга кишилар Россия ҳудудидан чиқариб юборилаётган экан.
2007 йилнинг бошларида Тожикистон президенти бошчилигида кўплаб мулозимлар тожикча фамилияга ўтишган эди.
2011 йилда эса янги туғилган чақалоқларга фамилия беришда миллий қадриятларни қадрлаш қонун билан белгилаб қўйилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар