Қамчиқ довонида қор сабаб икки дам олиш маскани ёпилди

Қамчиқ довонидаги кучли қор ва қор кўчиши хавфи сабаб А–373 «Тошкент–Ўш» йўлининг 151-километрида жойлашган “Қор Ситй” ҳамда “Қор Сарой” дам олиш масканлари вақтинча ёпилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу қарор фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда эҳтимолий фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинганини билдирди. Об-ҳаво барқарорлашиб, хавф даражаси камайгач, масканлар фаолияти қайта тикланади.
А–373 «Тошкент–Ўш» автомобил йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи қисмида жойлашган, хусусан йўлнинг 151-километридаги “Қор City” ҳамда “Қор Сарой” мавсумий кўнгилочар дам олиш масканлари ҳудудида кучли қор ёғиши кузатилмоқда. Мавжуд об-ҳаво шароити туфайли ушбу ҳудудларда қор кўчиши хавфи юзага келган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек, эҳтимолий фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мазкур дам олиш масканлари фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Қайд этилишича, об-ҳаво шароити барқарорлашиб, хавф даражаси камайганидан сўнг ушбу кўнгилочар масканлар фаолияти қайта тикланади.






























Изоҳлар 0
…