Ўзбекистон Ҳиндистондан тирик ҳайвонлар импортини тўхтатди

Ўзбекистон Республикаси бош давлат ветеринария инспектори қарорига асосан, 2026 йил 29 январдан эътиборан Ҳиндистон Республикасидан тирик ҳайвонлар ва қушларни олиб кириш вақтинча чекланди.
Маълум қилинишича, ушбу қарор Нипаҳ вирусининг мамлакат ҳудудига кириб келиш хавфини олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, Ҳиндистоннинг барча ҳудудларидан тирик ҳайвонлар ҳамда қушларни импорт қилишга вақтинча тақиқ жорий этилди. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штати ҳудудидан давлат ветеринария хизмати назоратига кирувчи барча турдаги маҳсулотларни олиб кириш ҳам вақтинча тўхтатилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Халқаро ҳайвонлар соғлиғини муҳофаза қилиш ташкилоти (WOAH) ва очиқ манбаларда эълон қилинган маълумотларга кўра, Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида Нипаҳ вируси тарқалиши билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият юзага келган.
Масъул идоралар билдиришича, мазкур чеклов чоралари мамлакатда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, шунингдек, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!