12:06 / 27.09.2018
4 426

“Тибетга сирли саёҳат”...

“Тибетга сирли саёҳат”...
ХIХ асрда Россия Ўрта Осиё ҳудудида фаол сиёсат олиб борди. Бундан, шубҳасиз, Англия ҳукумати норози эди. Кўрибсизки, икки орада ўта сирли дипломатик жанг бошланди. Сабаби, Ўрта Осиё Англияни ҳам Россиядан кам қизиқтирмасди. Икки давлат жосуслари орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ушбу жангда фаол иштирок эта бошлади.

Император жаноблари қабулида

Россия ҳукуматини кўпроқ мамлакатни Ўрта Осиё билан боғловчи Синьцзян вилояти қизиқтирарди. Айнан шу вилоят Тибет билан чегарадош ва дипломатик жангда ҳарбий ҳаракатлар марказига айланиши мумкин эди. Рус бош штаби шу ҳудуддаги Англия ҳарбийлари кириб келиши муқаррар бўлган барча яширин йўлларни билишга ошифта эди. Александр II шуни ҳисобга олган ҳолда зудлик билан Осиёда тоғ орқали ўтадиган темир йўл қурилиши бошлашга фармон берди. Бу темир йўл мамлакат аскарларини керакли манзилга етказиш учун хизмат қилиши режалаштирилди.

Орадан бир неча йил ўтиб, Россия ҳукумати Ўрта Осиёга юбориш учун машҳур сайёҳ ва офицер, ўша пайтда генерал унвонини олиб, ҳукуматда юқори лавозимлардан бирини эгаллаган Николай Пржевальский, Бош штаб офицери П. К. Козлов, таниқли сайёҳ В. И. Роборовский етакчилигида бир нечта экспедиция гуруҳини тузди. Бу гуруҳнинг вазифаси тайин. Тибетнинг энг махфий ҳудудига буддист қалмиқлар ёрдамида кириб боришдан иборат эди. Жосуслар гуруҳига тажрибали мутахассис, Тибет тилини яхши ўзлаштирган Уланов бошловчи этиб тайинланди.

Бунгача Уланов Санкт Петербургда Тибетда жосуслар амалга ошириши лозим бўлган махфий ишда қандай интизом, тажриба зарур бўлса, барчасини ўргатувчи махсус курсда ўқитилди. Аслида курс икки йил давом этиши лозим эди. Бироқ Англия ҳукумати юритаётган сиёсат кескинлашгач, ўқиш тўхтатилиб, Уланов хизмат вазифасини адо этиш учун Тибетга кетишга тайёргарлик кўра бошлади.

Ҳақиқатан, ўшанда Англия рус-япон уруши бошланганидан унумли фойдаланишни мўлжаллаб, ўз ҳарбий қисмларини Тибетга олиб киришга улгурганди. Ҳарбийлар жуда тез фурсатда Лхасани эгаллади. Далай-лама инглизлар таъқибидан қочиб Монголияга ўтиб кетди.

Россиянинг асосий вазифаси инглиз қўшинларини Тибетдан сиқиб чиқариш, Тибетни Хитой ҳукумати ихтиёрига топширишдан иборат эди. Афсуски, бу ишни амалга ошириш ҳам қийинлашгани кўзга ташланиб қолди. Негаки, инглизлар Тибет раҳбарлари билан келишув шартномасини имзолашга эришди. Шартномага кўра, Тибет тўлиқ инглизлар ихтиёрига бериб қўйилганди.

1904 йили Россия мудофаа вазири генерал-адьютант Куропаткин Николай II номига мактуб йўллаб, жосуслар гуруҳи раҳбари Улановни бир йил муддатга эгаллаб турган вазифасидан бўшатишни сўради. Бу, албатта, душманни чалғитиш йўлларидан бири эди. Сабаби, Улановнинг қандай қудрат ва салоҳиятга эга эканини инглизлар яхши билиши, махфий жосуслар гуруҳидан хабардор эканига шубҳа қилмасди.

Мактубда яна вазир ушбу ҳаракатнинг сирлари ҳақида алоҳида тўхталди. Николай II вазирни тўғри тушунган ҳолда илтимосини рад этмади. Шу билан бирга жосуслар гуруҳининг келгусидаги фаолиятини мукаммаллаштириш мақсадида хазинадан ўн тўрт минг рубл (Бу ўша давр учун жуда катта маблағ ҳисобланган) ажратди. Қолаверса, мактубдаги илтимосларни қондириш учун шахсан Уланов, гелюн Дамбо Ульянов ҳамда яна бир нечта кўзга кўринган жосусларни Қишки саройда қабул қилди.

Қабул ўта махфий вазиятда ўтди. Қабулга ташриф буюрганларга ҳарбий кийимда эмас, оддий фуқаро кийимида келишга рухсат берилди. Императорнинг ушбу учрашуви матбуотда эълон қилинмаслиги масаласида барча чора тадбирлар ҳам кўриб қўйилди.

— Азизлар, — деганди ўшанда император Николай II. — Тибет масаласида Англия билан совуқ уруш бошланиш хавфи бор. Эсда тутинг, сизнинг жосуслик гуруҳингиз Россия манфаатларинигина ҳимоя этиши зарур!

Йўлдаги ҳалокат

1904 йил январида жосуслар гуруҳи Санкт Петербургни тарк этиб, баҳорга яқин Ўрта Осиёга кириб борди. Жосуслар сир сақланиши учун ўзларини гўё Синцьзян фуқаролари қилиб кўрсатишга уринарди. Аммо олдинда жуда жиддий муаммо кўндаланг эди. Керакли ҳужжатларни қўлга киритишнинг ўзи бўлмасди. Чунки инглиз жосуслари ҳам мудрамаяпти. Улар ҳамон ҳушёр турибди. Шунга қарамай, жосуслар Кульдж шаҳридаги рус ваколатхонаси ходимлари кўмагида ўша ҳужжатларни қўлга киритди. Ўша ерда тажрибали карвонбошилар ҳисобланмиш тўрт нафар маҳаллий фуқаро жосуслар сафига келиб қўшилди.

Жосуслар монах кийимида Хитой ҳудудига тобора ичкарилаб борди. Ҳаммаси кўнгилдагидек кечаётганди. Аммо кутилмаганда фожиа юз берди. Жосуслик гуруҳи раҳбари Уланов ва ёрдамчиси Шараповлар ғалати касалликка дучор бўлди. Бу қандай касаллик эканини на жосуслар, на маҳаллий табиблар аниқлай олишди. Орадан бир неча кун ўтиб Уланов оламдан ўтди. Кейинчалик маълум бўлдики, икки етакчи ҳам инглиз жосуслари томонидан заҳарланган экан. Бироқ Шарапов хасталикни енга олди. Аста-секинлик билан бўлса-да, оёққа турди. Фақат бир нарса ачинарли эди. Гуруҳ етакчисиз қолди. Бу нарса махфий амалиётни йўққа чиқариши мумкин эди. Гелюн Ульянов мулоҳаза қилиб кўриб, Кульджга йўл олди ва у ердагиларни бўлиб ўтган ишлардан огоҳ этди.

— Сиз гуруҳ етакчилигини зиммангизга оласиз, — дейишди Кульдждагилар. — Биз Санкт Петербург билан боғландик. Бош штабдагилар номзодингизни қўллаб-қувватлади.

Шундай қилиб, гелюн Дамбо Ульянов жосуслар гуруҳи етакчисига айланди. У карвонни Чемен тоғларига олиб чиқди. Жосуслар ўша ерда қалмиқлар орасида қишлаб қолди. 1905 йил мартида эса гуруҳ довон орқали Тибетга жўнади.

Лхаса

Май охирида жосуслар гуруҳи Тибет пойтахти Лхасага етиб келди. Ўша ерда ҳам Ульянов ўзидаги ноёб қобилият, яъни, ўзини артистларча тутиши натижасида маҳаллий аҳолининг ҳурмат, эътиборини қозона олди. Бунга, айниқса, унинг маҳаллий илоҳларга сиғина бошлаши ҳам жиддий сабаб бўлди.

Лекин Ульянов яхши биларди. Лхасада инглиз агентлари етарлича топилади. Шунинг учун Ульянов уларни чалғитишнинг ажойиб йўлини топди. У қачонлардир тибет тилида буддизмнинг муаммоли масалалари таҳлилини қоғозга туширганди. Шуни сумкасидан олиб буддизм вакиллари эътиборига ҳавола этди. Кўрибсизки, тез кунда Ульяновни монахлар буддизм олимлари даражасида кўра бошлашди. Англия жосуслари эса гуруҳни ҳақиқатан буддизм вакиллари деб хаёл қилди ва эътибордан четда қолдирди.

Ульянов жуда эҳтиёткорлик билан Тибетдаги Россия манфаатларига хизмат қилувчи ноёб маълумотларни йиға бошлади. Ҳатто, кунларнинг бирида далай-лама йўқлиги сабабли Тибетни бошқараётган Голдан Гива-Рамбуч қабулига кириш шарафига муяссар бўлди. Айнан у Россия дипломатияси таъсирида инглизлар ўз қўшинларини Тибетдан олиб чиқиб кетганлигини маълум қилди.

Ҳаммаси рисоладагидек эди. Яна кутилмаган ҳодиса юз берди. Ярим кечаси ёрдамчиси Шарапов жосуслар гуруҳи жойлашган бинонинг учинчи қаватидан пастга қулаб тушди. У тошга йиқилган экан.

Оёққа туриб кетишига ишонч деярли қолмаганди. Ульянов навбат ўзига келганини, инглиз жосуслари уларнинг ҳеч бирини тирик қолдирмаслигини англаб етди. Хайриятки, маҳаллий табиблардан бири кўнглини кўтарди. Шараповни икки ой деганда оёққа турғазишга ваъда берди. Шундай бўлди ҳам. Қандай малҳам ёрдамида даволаганини сир тутса-да, Шараповни оёққа турғазди. Ульянов эса бу муолажа сирларини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрди. Барибир фойдаси бўлмади. Сир сирлигича қолаверди.

Қайтиш

1905 йил августида махфий жосуслар гуруҳи Лхасани тарк этди. Ва 1906 йил 17 март куни жосуслар гуруҳи Россия пойтахтига етиб келди. Ульянов зудлик билан Тибетда қалмиқ тилида қоғозга туширган кундаликлар асосида Мудофаа вазирлиги ва ташқи ишлар вазирлиги учун доклад тайёрлади. Бу доклад оқибатда Россия ҳукумат раҳбарларининг мақтовларига сазовор бўлди.

Тез орада далай-лама билан унинг Лхасага қайтиши хусусида музокаралар бошланди. Далай-лама эса қачонки рус ҳарбийлари уни шахсан қўриқлаб борса, Монголиядан Тибетга қайтиши мумкинлигини билдирди. Шарт қабул қилинди.

Россия Хитой ва Англия билан муваффақиятли равишда шартномалар имзолади. Бунга кўра, Тибет инглизлар томонидан Хитойнинг бир қисми сифатида эътироф этилди. Бироқ жосуслар гуруҳининг Тибетда амалга оширган махфий ишлари ҳануз сирлигича қолиб кетди. Ҳатто, император Николай II нинг Қишки саройда Тибетга йўл олиш арафасида турган жосусларга қандай аниқ топшириқлар бергани ҳам ҳеч кимга маълум эмас.
Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Тибетга сирли саёҳат”...