date

Элдор Шомуродов: “Уругвайга қарши ўйин биз учун яхши синов бўлди”

Элдор Шомуродов: “Уругвайга қарши ўйин биз учун яхши синов бўлди”

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Уругвайга қарши ўтган ўртоқлик баҳсидаги ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Тажрибали форвард рақиб кучли бўлганини тан олди ва жамоа ҳали янги мураббий қўл остида кўп жиҳатларда иш олиб бориши лозимлигини таъкидлади.

“Кутилганидек оғир ўйин бўлди. Иккинчи бўлимнинг илк 15-20 дақиқасида диққатни йўқотдик ва рақиб бизни жазолади. Умуман олганда ёмон ўйин ўтказмадик. Албатта, айрим камчиликлар бор, улар устида ишлашимиз шарт. Янги мураббий билан ҳали кўп жиҳатларда меҳнат қилишимиз керак,” — деди Элдор Шомуродов учрашувдан сўнг.

Жисмоний тайёргарлик ҳақида сўралганда, ҳужумчи терма жамоа қисқа вақтда сафардан келиб, тикланишга улгурмаганини айтди.
“Биринчи навбатда таркибда ўзгаришлар бўлди, бу ҳам таъсир қилди. Бу баҳона эмас, аммо иккинчи ўйингача фақат икки кун бўлди. Ўтган баҳсдан кейин тўлиқ тикланмадик ва фақат кеча тўлиқ машғулот ўтказдик,” — деди у.

Шомуродов мураббий Фабио Каннаваро қўл остидаги янги тактик йўналиш ҳақида ҳам фикр билдирди.
“Уйин схемаси кескин ўзгармади. Масалан, Азиз Ғаниев бугун ўзи учун ноодатий бўлган ўнг қанотда ҳаракат қилди. Бу позиция унга қулай бўлмади, аммо у борини берди, ёмон ўйнамади. Бу мураббийнинг танлови эди,” — деди Элдор.

Форварднинг айтишича, рақиб ҳақиқий салоҳиятини намойиш қилди, аммо майдон ҳолати ўйин сифатига таъсир этган.
“Майдоннинг ҳолати ҳам идеал эмасди. Бундай майдонда ҳар бир жамоанинг кучлари тенглашиб кетади.,” — дея қўшимча қилди Шомуродов.

Элдорнинг сўзларига кўра, бу ўйин терма жамоа учун жуда муҳим тажриба бўлди. Уругвай каби кучли рақибга қарши баҳс орқали жамоа ўз камчиликларини кўриб чиқиш ва келгуси мусобақаларга тайёргарликни янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов: “Уругвайга қарши ўйин биз учун яхши синов бўлди”