date

Эрдўған саммитда Нетаняҳу бўлишини билгач, Мисрга қўнмаслигини айтди

Эрдўған саммитда Нетаняҳу бўлишини билгач, Мисрга қўнмаслигини айтди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг самолёти Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрига йўл олган пайтда у ерда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам саммитда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида маълумот олди. Бу хабардан сўнг, Эрдўған самолётни қўндирмаслик ҳақида буйруқ берди, деб хабар берди Milliyet ва TGRT.

Маълумотларга кўра, Туркия раҳбари Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг таклифига биноан Ғазо секторидаги отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувни муҳокама қилиш учун Turkish Airlines самолётида Мисрга йўл олган эди.

Israel Hayom нашри ёзганидек, парвоз пайтида Эрдўған шахсан Сисий билан телефон орқали боғланиб, “агар Нетаняҳу ҳам қатнашса, мен қўнмайман”, деган. Шу билан бирга, Анқара расмийлари Вашингтон билан алоқага чиқиб, “бу ҳақда олдиндан келишув бўлмагани” учун расмий норозилик билдирган.

Ироқнинг INA агентлиги маълумотича, Исроил бош вазирининг иштирокини ташкил этишга АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўзи ҳаракат қилган, аммо  бу уриниш муваффақиятсиз якунланган. Шунингдек, Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий ҳам агар Нетаняҳу келса, саммитда иштирок этмаслигини олдиндан билдирган.

Охир-оқибат, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ ва Исроил расмийлари билан маслаҳатлашгандан сўнг сафарни бекор қилди. Эрдўғаннинг самолёти эса Нетаняҳунинг келмаслиги расман тасдиқлангунча ҳавода айланган ва шундан кейингина Шарм аш-Шайхқа қўнган.

Reuters хабарига кўра, 13 октябрь куни эрталаб Нетаняҳу Исроилда Трамп билан учрашган. Кейинроқ Миср расмийлари унинг эҳтимолий иштирокини билдирган, аммо бош вазир идораси яҳудий байрамлари бошланганини баҳона қилиб, ташрифдан воз кечганини маълум қилган.

Саммитда ҲАМАС вакиллари ҳам қатнашмагани айтилди.

Эрдўғаннинг бу қарори яна бир бор Туркиянинг яқин шарқдаги кескин дипломатик позициясини кўрсатди — Анқара Исроил билан бир майдонда чиқишдан ҳам воз кечишга тайёр эканини намоён этди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған саммитда Нетаняҳу бўлишини билгач, Мисрга қўнмаслигини айтди