date

Гўшт ва бодрингни 10 миллиондан “сотган” компания аниқланди

Гўшт ва бодрингни 10 миллиондан “сотган” компания аниқланди

Солиқ органлари навбатдаги ҳайратланарли ҳолатни аниқлади — ҳужжатларда 1 кило гўшт ва 1 кило бодринг 10 миллион сўмдан “сотилган” деб кўрсатилган корхона фаолияти фош этилди, деб хабар берди Soliq.uz.

Маълумотларга кўра, “Граф” МЧЖ (номи ўзгартирилган) 2023 йил март ойида улгуржи савдо билан шуғулланиш мақсадида ташкил этилган. Устав жамғармаси бор-йўғи 10 миллион сўм бўлган бу компания аввал узоқ вақт фаолият юритмаган. Бироқ 2025 йилнинг 6–10 октябрь кунлари оралиғида у ногаҳон фаоллашиб, ишчи кучи, мулк ёки транспорт воситаларисиз улкан маблағдаги операцияларни амалга оширган.

Қайд этилишича, “Граф” МЧЖ умумий қиймати 38,5 миллиард сўмлик турли товарлар ҳамда транспорт ва логистика хизматлари бўйича электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) расмийлаштирган. Бу ҳужжатлар орқали қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) миқдори 4,1 миллиард сўмга етган.

Энг қизиғи шундаки, мазкур ҳисобварақларда бир қатор маҳсулотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган нархларда кўрсатилган. Масалан, 1 килограмм гўшт — 10 миллион сўм, 1 килограмм бодринг — 10 миллион сўм, ҳатто 1 дона “изолента” ёки подшипник ҳам худди шундай нархда баҳоланган.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, бундай ҳолатлар аксарият ҳолларда “қоғоздаги фаолият” — яъни фақат ҳужжат юзасидан ҳисоб-китоб қилинадиган, лекин амалда товар ёки хизмат кўрсатилмайдиган фирмаларга хос. Бу орқали солиқдан қочиш ёки бошқа корхоналарга “қўл келтириш” мақсад қилинган бўлиши мумкин.

Айни дамда ушбу ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда. Солиқ қўмитаси ҳодиса бўйича аниқ чора кўрилмаганини маълум қилган, аммо экспертизалар натижаларига кўра жиноят иши қўзғатилиши эҳтимол қилинмоқда.

Молия соҳаси экспертлари фикрича, бундай сохта ҳисобварақлар давлат бюджетига катта зарар етказади. Улар фуқаролар тўлайдиган солиқлар ҳисобидан давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалари молиялаштирилишини эслатиб, ҳар бир бундай ҳолатга қарши қатъий кураш зарурлигини таъкидлашмоқда.

Солиқ органлари сўнгги йилларда электрон ҳисобварақ тизимини такомиллаштириш ва автоматик мониторинг орқали шубҳали операцияларни аниқлашни кучайтирмоқда. Мақсад — шаффоф иқтисодий муҳит яратиш ва “қағоздаги фирмалар” орқали давлат маблағларини суистеъмол қилишга чек қўйиш.

Жамиятда катта қизиқиш уйғотган бу ҳолат яна бир бор кўрсатдики, рақамлар ортидаги “соф қоғозбозлик” нафақат иқтисодиётни, балки жамоат ишончини ҳам издан чиқариши мумкин. Шу сабабли мутахассислар солиқ интизомини кучайтириш ва ҳар бир ҳисобварақ ортида ҳақиқий фаолиятни талаб этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гўшт ва бодрингни 10 миллиондан “сотган” компания аниқланди