08:31 / 06.10.2018
6 383

2030 йилда 60 га яқин касблар йўқолиб кетиши мумкин

2030 йилда 60 га яқин касблар йўқолиб кетиши мумкин
Илгари робот деса, жонсиз, аммо Аловуддиннинг сеҳрли чироғидаги қул каби ҳар қандай истагингизга “лаббай”, деб турувчи бир матоҳни тушунардик. Ўша жонсиз деганимиз роботга бугун ақл, ҳис-туйғу ҳам жо қилинди, энди унинг одамдан нима фарқи қолди экан?

Технологиялар оламида сунъий ақл деган тушунча пайдо бўлди-ю, кўпчилигимиз дунёга бошқача кўз билан қарай бошладик. Сунъий ақл, бу – инсоний фикрлашни симуляция қиладиган технология бўлиб, у орқали дастур ва машиналар ностандарт ижодий вазифаларни бажара олиши ва мавжуд маълумотларга асосланиб, янги маълумотни ишлаб чиқиши мумкин. Сунъий ақлга эга бўлган машина кун сайин ривожланиб, янги ахборотларни қабул қилишга ўч ўсмирга ўхшайди ва охир-оқибат у нимага ўргатилганига кўра қарор қабул қилади.

Смарт технологиядан кўзланган мақсад “оқилона” иш тутишга қодир эксперт тизимларини яратиш. Уни инсоний фикрлашнинг “клони”, десак ҳам бўлар: ўргансин, кўрсатма берсин, тушунтирсин, хатоларни тузатсин, маслаҳат берсин... хуллас, “одам”га айлансин.

Яратилиш тарихи

Сунъий интеллект шаклланиши фаннинг алоҳида соҳаси сифатида ўтган асрнинг 50-йилларида бошланган. 1950-йили “Mind” журналида инглиз тилшунос олими Алан Тьюрингнинг “Ақлли машиналар ва онг” мақоласи чоп этилади. У одам, робот ва учинчи шахс (савол берувчи, у ҳам одам) ўртасида тажриба ўтказди. Унга кўра, савол берувчи робот ва одамни кўрмаган ҳолда савол бериши ва кимнинг кимлигини аниқлаши лозим бўлган. Натижада робот саволларга тўғри ва тез жавоб бериб, инсонни ортда қолдирган. Мазкур тестни ўтказишдан мақсад эса, сунъий ақлнинг қодирлик даражасини билиш эди. Бу тажриба кейинчалик фан оламида “Тьюринг тести” номи билан машҳур бўлди.

Ўтган давр мобайнида бу соҳада тинимсиз ва узлуксиз изланишлар олиб борилди, олимлар муваффақиятли натижаларга эришди. Жумладан, 1997 йили 11 майда IBM компанияси томонидан яратилган Deep Blue шахмат ўйинига мўлжалланган супер компьютер шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни мағлубиятга учратди. Девид Фруччи раҳбарлигида яратилган IBM Watson сунъий ақл эгаси эса инсон овозини қабул қилиб, саволларига жавоб қайтаради. MYCIN қондаги инфекциялар, менингит ва бактериемия касалликларини аниқлаш мақсадида 1970 йилларда Стэнфорд университети олимларининг олти-етти йиллик заҳмати натижасида дунё юзини кўрди. Роботлар шу даражада кўпайиб кетдики, 1993 йили RoboCup (Robot Soccer World Cup) – роботлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатига асос солинди.

2000 йилларга келиб сунъий ақл жамоатчиликка хизмат кўрсатиш масканларида кенг тарқалди, турли соҳаларда ишни енгиллаштирувчи “ходим”га айланди: бир қарасангиз, касалликларга ташхис қўйган, жумбоқли масалаларга ечим топган, савдо-сотиқни боплаган, бир қарасангиз, ҳис-туйғуларингизни ўрганиб, одамдек сизга муомала қилган (Кисмет), Антарктиданинг одамбормас жойларига бориб, тупроқни тадқиқ қилган, метеоритларни топган (Номад роботи). Яна бири, София исмлиси эса Саудия Арабистони фуқаросига айланиб олган-у, одамларни йўқ қилишини айтган... Хуллас, қаёққа қараманг, робот, робот, робот...

Кунда-кун ора сунъий ақл эгаларининг ҳайратомуз янгиликларини эшитамиз: Рембрандтдан кам расм чизмайдиган робот яратилди, одамдан тез ўқий оларкан, хитойликларнинг энг мураккаб ўйини бўлмиш Года ғолиб чиқибди ва ҳоказо, ҳоказо...

Танганинг икки томони

Нима учун дунёнинг кўплаб давлатларида ҳукумат роботлардан фойдаланишга рухсат берди? Тўғри, саволга салбий ёки ижобий муносабат билдириш қийин, аммо тан олиш керакки, сунъий ақлнинг одамларга келтираётган фойдаси ҳам анча-мунча. Масалан, саратон касаллигини аниқлаш, олдини олиш, хонадон хавфсизлигини таъминлаш, виртуал ёрдамчи сифатида бизнесни ривожлантириш (Siri, OK-Google), қўл меҳнатини автоматлаштириш (хат етказишдан авиачипта сотиб олишгача), ишлаб чиқаришни енгиллаштириш, одамларни турли хавфлардан асраш (заводларда шикастланиш ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш, оғир меҳнатдан халос этиш), робототехника (коинот, денгиз туби ва ер ядросини ўрганиш)да сунъий ақлга ишониш мумкин.

Аммо танганинг иккинчи томони ундан-да ҳайратланарли. Фантаст-ёзувчилар сунъий ақлнинг ҳис қилиш ва яратиш функциялари ишга тушса, уни инсоният тўхтата олмаслигини башорат қилишмоқда. Технология оламининг “оталари” – физик-назариётчи Стивен Ҳокинг, Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс, Tesla компанияси раҳбари Илон Маск одамлар супер интеллектуал машиналар устидан назоратни йўқотиши, уларнинг фойдасидан зарари кўпроқ эканидан хавфсирашгани ҳам рост.

Илон Маскнинг айтишича, ақлли роботлар бир кунмас-бир кун одамзодни қириб ташлайди. Унинг хавфлилик даражаси ядро қуролиникидан ҳам юқори. Стивен Ҳокинг эса, оддий роботлар фойда келтираётгани рост, аммо эртага улар ўзини ўзи такомиллаштиришга тушса, унда одамзод ҳеч нима қилолмайди, уларнинг эволюцион тезлиги билан мусобақада енгиламиз, дея огоҳлантирган. Билл Гейтснинг фикрича, аввалига улар бизга фойда келтиради. Бир неча ўн йиллардан сўнг эса, фақат зарарини кўрамиз. Унда кеч бўлади. Айрим одамларнинг бундан хавфсирамаслигига тушунмайман, дейди у.

ABBYY компанияси асосчиси ва бошқаруви раиси Давид Яннинг “Сунъий ақл асаларидан ҳам омироқ. Ҳозирча!” дейишида жон бор. Негаки, чивинларнинг асаб тизими 500 минг нейрондан иборат, бу кўрсаткич асаларида 800 минг, итда 160 миллион, ва ниҳоят одамда 85 миллиардни ташкил этади. Замонавий компьютер тизимларидаги нейронлар сони эса бор-йўғи бир неча минг, айрим ҳоллардагина миллионга етиши мумкин. Ўз-ўзидан аёнки, сунъий ақл итдан 100, одамдан 100 минг баробар ақлий ожиз экан. Энди ўйлаб кўрайлик, асаларидан ҳам оми бўлган роботнинг бугунги кароматлари шу бўлса, одамники билан тенглашганда, дунё қай кўринишда бўлади?

Яқин келажакка саёҳат

Машҳур футуролог ва Google компанияси техник директори Рэймонд Курцвейлнинг таъкидлашича, ақлли технологиялар2030-2040 йилларга бориб инсон мияси билан беллаша олади, ҳатто ўзиб ҳам кетади. Кейинги 20 йил ичида дунё манзараси қай кўринишда бўлишига қизиқяпсизми? Унда футуролог Рэймонд Курцвейл башоратларига боқинг:

2022 йил – Америка ва Европада одамлар ва роботлар муносабатларини тартибга солувчи қонунлар қабул қилинади. Роботлар фаолияти, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун доирасида чегараланади.

2024 йил – инсоннинг компьютер-ёрдамчиси бўлмаган автомобилни бошқариши тақиқланади.

2025 йил – инсон гаджет-имплантатларни ўрнатади.

2027 йил – мураккаб ҳаракатларни бажара олувчи шахсий роботлар музлатгич ёки газ плитаси сингари кундалик буюмга айланади.

2031 йил – касалхоналарда инсон органларини чоп этиш учун 3D-принтерлар ишлатилади.

2033 йил – йўллар ўзини ўзи бошқарувчи автомобилларга тўлади.

2038 йил – роботлашган одамлар пайдо бўлади. Улар қўшимча ақл (мисол учун, инсон мияси ожизлик қиладиган, маълум бир тор доирага қаратилган) ва турли имплантатлар (кўз камераларидан қўшимча қўл протезларига қадар) билан “қуролланган” бўлади.

2040 йил – қидирув механизмлари инсон танасига жойлаштириладиган гаджетлар учун асос бўлади. Тадқиқот фикр ёрдамида амалга оширилади.

2043 йил – кўп сонли нанороботлар туфайли инсон танаси ҳар қандай шаклга кириши мумкин. Ички органлар кибернетик қурилмалар билан алмаштирилади.

2044 йил – сунъий ақл биологик ақлдан миллиард марта ақллироқ бўлади.

2045 йил – Ер ягона гигант компьютерга айланади.

Журналистлар, касбингизни ўзгартираверинг!

Оксфорд университети тадқиқотчиларининг тахмин ва башоратларига ишонадиган бўлсак, яқин келажакда дастурлашнинг асосий кўникмалари ҳамда бир неча тилни билмай туриб, яшаб қолиш қийин. McKinsey Global Institute маълумотларига қараганда, ҳозирда касбларнинг 5 фоизи автоматлаштирилган. Аммо яқин келажакда роботлар 60 фоиз касб фаолиятининг учдан бир вазифасини мукаммал адо эта олади. Олимларнинг фикрича, 2030 йилгача 57 та мутахассислик йўқолади. Жумладан, ҳисобчи, статистика бўйича мутахассис, стенограф/криптограф, копирайтер, кутубхоначи, гид, таҳлилчи, почтачи, ЙПХ инспектори, юк поезди ҳайдовчиси, кончи, тикувчи, официант... ва ниҳоят журналист.

Ишонмаяпсизми? “Bloomberg” компанияси ўз таҳририятининг бир қисмини аллақачон сунъий ақлга алмаштирди, улар биржа янгиликларини одам-журналистларга қараганда тез ва чиройли тақдим этар экан. “Financial Times” газетаси 2016 йили ваколатли мухбири ҳамда ақлли робот “Эмма” ўртасида мусобақа-тажриба ўтказди. Бош муҳаррир икки мақоладан қайси бири мухбирига, қайсиниси Эммага тегишли эканини топиши лозим эди. Хуллас, бундай бўлди: Британияда ишсизлик мавзуидаги мақолани Эмма 12 дақиқада, журналист эса 35 дақиқада ёзиб тугатди! Шунингдек, роботнинг мақоласида факт ва рақамлар кўп келтирилган. “Stealth” стартап маҳсулоти бўлган Эмма ёзади ва бажаради, ҳозирча “мия”дан мосуво. Шу боисми, журналистнинг мақоласи роботникидан муваффақиятлироқ чиққан. Демак, ҳозирча одам-журналистларга эҳтиёж бор.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ақл-тафаккури ўзига душман бўладими ё дўст, буни вақт кўрсатади. Аммо келажакда кутилаётган ҳодисаларга ҳар томонлама тайёр туриш, огоҳ ва сергак бўлиш лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 2030 йилда 60 га яқин касблар йўқолиб кетиши мумкин