
Россиялик таниқли мураббий Сергей Ташуев ПСЖ дарвозабони Матвей Сафоновнинг келажаги ҳақида фикр билдирди. Собиқ "Краснодар" дарвозабони жорий мавсумда ўйин амалиётига эга бўлмаяпти, чунки у Лука Шевалье билан рақобатда имкониятни бой бермоқда.
"У ўзига, "Краснодар"га ва умуман бизнинг футболимизга жуда кўп ҳисса қўшди. Аммо ҳозир у кўпроқ ўйнаш ҳақида ўйлаши керак. Европанинг бошқа клублари унга қизиқиш билдириши аниқ", - деди Ташуев "Советский спорт"га берган интервьюсида.
Яқинда парижликлар раҳбарияти трансфер бозорида Сафоновга муқобил дарвозабон қидираётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Сафонов ПСЖ сафида 17 ўйинда майдонга тушиб, улардан еттитасида дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган. У ПСЖ билан бирга Франция чемпионати, Кубоги, Суперкубоги ҳамда Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритган.