date

Ямайкада ҳалокатли довул: минглаб аҳоли бошпанасиз қолди

Ямайкада ҳалокатли довул: минглаб аҳоли бошпанасиз қолди

Ямайкада «Мелисса» номи берилган тропик довул катта талофат келтирди. Табиий офат 28 октябрь куни мамлакатнинг жанубий-ғарбий қисмига ёпирилди ва бир неча соат ичида бутун оролни қамраб олди. Маҳаллий ҳокимият ва оммавий ахборот воситалари тошқинлар, кўчкилар, ағдарилган дарахтлар ва синган электр устунлари ҳақида хабар бермоқда.

Ҳозирча зарар кўлами аниқланмоқда, бироқ маълумотларга кўра, Ямайкада камида 15 минг киши вақтинча бошпанага кўчирилди. Электр тармоқларига етган зарар туфайли мамлакатдаги 530 минг хонадон токсиз қолган.

Кингстон шаҳар ҳокимияти тошқинлар сабаб ҳайвонот дунёсидаги хавфни ҳам эслатди — айрим ҳудудларда тимсоҳлар ўз табиий жойларидан чиқиб, аҳоли яшайдиган ҳудудларга кириб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди.

«Мелисса» Ямайка ҳудудини бир сутка ичида кесиб ўтди ва ҳозир Кубага томон йўналган. Кутилмоқдаки, 29 октябрь тонгида у ерга ҳам ёпирилади. Куба ҳукумати олдиндан 735 минг нафар фуқарони хавфсиз жойларга эвакуация қилди. Табиий офатдан кейин довулнинг йўналиши Баҳам оролларига қараб бурилиши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ямайкада уч киши ҳалок бўлган, Ҳаитида яна уч фуқаро ва Доминикан Республикасида бир шахс ҳаётидан айрилган. Доминикан Республикаси ҳудудида яна бир киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.

Ямайка метеорология хизмати маълумот беришича, «Мелисса» 1851 йилдан буён кузатувлар тарихи давомида мамлакатга ёпирилган энг кучли довул сифатида қайд этилди. Офат марказида шамол тезлиги соатига 295 километргача етган.

Associated Press агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, бу Атлантика минтақасида қуруқликка чиққан довуллар орасида шамол тезлиги бўйича тарихдаги иккинчи натижа ҳисобланади. Биринчиси — 1980 йилдаги машҳур «Аллен» тропик циклонида қайд этилган эди.

Ямайка ҳукумати офат оқибатларини бартараф этиш учун ҳарбий ва фуқаро муҳофазаси кучларини жалб этди. Қутқарув гуруҳлари йўллар ва электр тармоқларини тиклаш, аҳолини озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш ишларини олиб бормоқда.

Буюк Кариб ҳавзасида эса табиий офатлар мавсуми ҳали тугагани йўқ. Метеорологлар фикрича, ноябр ойигача яна икки ёки уч тропик довул шаклланиши эҳтимоли мавжуд. Шу боис минтақадаги мамлакатларга юқори ҳушёрликда бўлиш тавсия қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ямайкада ҳалокатли довул: минглаб аҳоли бошпанасиз қолди